Хушхабар! Яна бир ҳарбий журналистнинг китоби нашрдан чиқди

12

Ёзиш, ёзганда ҳам кўнгилга етказиб қоғоз қоралаш – машаққатли иш. Бу заҳматни журналист аҳли кўп бора бошидан кечирган, яхши билишади. Шундай бўлса-да, ижод қилишнинг ўз гашти бор. Ахир ёзганларингдан ўқувчилар нимадир олса, эътироф этса, ижодкор учун бундан ортиқ бахт борми?! Ҳамкасбимиз – «Vatanparvar» газетаси мухбири лейтенант Дилшод Рўзиқулов шундай бахтга эришган, омади кулган ёш ҳарбий журналистлардан бири. Яқинда унинг илк китоби нашрдан чиқди. «Деҳқони сўз» номли ушбу китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан «Биринчи китобим» лойиҳаси доирасида чоп этилган бўлиб, ундан журналистнинг турли мавзулардаги бир қатор публицистик мақолалари ўрин олган.
Китобдаги ҳар бир мақолада журналистнинг ўзи кўрган, гувоҳи бўлган ҳаёт қувонч ва ташвишлари ҳикоя қилинади. Бу орқали муаллиф ҳаётга янгича нигоҳ билан қараб, бугунги куннинг долзарб муаммолари, ютуқ ва камчиликлари, шу билан бирга умримизнинг безаги бўлган яхши инсонлар ҳақида самимий фикр юритади. Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат, деярли ҳар бир мақолада журналист эртак, мақол ва маталлардан маҳорат билан фойдаланганки, бу унинг эртаклар ва китоб мутолаасига ошно бўлиб улғайганидан, шу боис ёзганларида тарбиявий аҳамият йўғрилганидан далолат беради. Муаллиф бугунги долзарб муаммоларнинг ечими уч муҳим унсур – халқ оғзаки ижоди намуналари, китоб ҳамда шахсий намунада эканлигини куюнчаклик билан ифода этади. Муаллифнинг «Эртак сўйлаб берарди бувим» ҳамда «Янги йил – китоблар оламида» номли мақолалари фикримизга далил бўлади.
Китобдаги «Монитор бола» деб номланган мақолада ҳам бугунги кунимизнинг энг долзарб мавзуси – компьютер ўйинларига берилган ёшлар муаммоси кўтарилган бўлиб, бу ўқувчини анча ўйлашга, фикрлашга чорлайди. Зеро, шиддат билан ривожланаётган техника ва ахборот асрида интернет ёшларни худди ўргимчак тўридек ўз домига тортаётгани, ўсмирларнинг нафақат соғлиғи, тарбияси, балки ҳаёти ҳам издан чиқиб кетаётгани бор гап. Бу эса нафақат ота-она, балки жамият учун ҳам улкан фожиадир. Мақола сизни шундай хавфдан огоҳлантиради. «Зулпак»ка сиғмаган хитоблар» мақоласида ҳам шундай куюнчакликни сезасиз.

Китобдан кўтаринки руҳда ёзилган мақолалар ҳам ўрин олган. «Деҳқони сўз» ва «Бобо ибрат кўрсатади» мақолалари шулар жумласидан. Ушбу ёзганлари орқали муаллиф самимий, танти ва оқкўнгил қишлоқ одамлари тасвирига урғу беради. Уларнинг қишлоқдошлари, эл-юрт учун қилаётган эзгу амалларни кўкларга кўтаради…
Китоб сўз бошисида таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Ашур шундай ёзади:
«Публицистиканинг асосий мезони ҳаёт ҳақиқати ва воқеа-ҳодисаларни холисона таҳлил қилиш ва муҳим ижтимоий хулосалар чиқаришдан иборатдир…»
Журналист Дилшод Рўзиқуловнинг янги китобидан ўрин олган мақолаларда ана шундай жиҳат кўзга ташланади. Яна бир асосий жиҳат, сиз бу мақолалар орқали ижодкорнинг журналистикадаги самарали фаолияти ҳақида тўлақонли тасаввурга эга бўласиз.

Майор Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти