Қўмондонлик ҳарбийлари уруш фахрийлари ҳолидан хабар олишди

11

Иккинчи жаҳон уруши йилларида қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, бугунги тинч, осойишта кунларимиз учун жон олиб-жон берган жасур ватандошларимизнинг мардлиги-ю матонати, олижаноблиги, букилмас иродаси бугун барчамиз учун ўрнак бўлгулик. Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбийлари ва ўқувчи ёшлар ана шундай фахрийлардан бири, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани, Хумсон қишлоғида умргузаронлик қилаётган 97 ёшли Мирсолиҳ ота Эргашев хонадонида бўлдилар. Бутун ҳаёт йўли чинакам ватанпарварлик ифодаси бўлмиш нуроний отахон уруш йилларини кўзда ёш билан хотирлайди.
Ўқчилар полкида ўқчи лавозимида хизмат қилган қаҳрамонимиз қўлига қурол олганида эндигина 18 ёшда эди. У ўзининг шижоати, жасурлиги боис кўплаб ҳудудларни босқинчилардан озод қилишда фаол иштирок этди. Албатта, уруш қурбонсиз бўлмайди, Мирсолиҳ ота ҳам аёвсиз жангларда кўплаб навқирон дўстларидан жудо бўлди.
Эл хизматига камарбаста бўлмоқни ўз бурчи, деб билган Мирсолиҳ ота урушдан кейин ҳам салкам 35 йил давомида ўт ўчирувчилик вазифасида фаолият олиб борди. Меҳнатидан роҳат топган отахон бугун
юртдошлари-ю, 40 дан ортиқ набира ва абиралари ардоғида.
Навбатдаги манзил Абдураҳим ота Зиятов хонадони. Пурвиқор тоғлар бағридаги сўлим Нанай қишлоғида истиқомат қилаётган отахон юрт ҳимоячилари ва ўқувчи ёшлар ташрифидан бениҳоят мамнун бўлди. Машъум уруш йиллари унинг ҳаётида ҳам ўчмас из қолдирган.

Уруш бошланиши биланоқ фронтга жўнаган қаҳрамонимиз, Ўзбекистонлик бошқа сафдошлари қатори жанггоҳларда жон олиб-жон берган, ғалаба учун бутун борлиғини сафарбар этиб, ҳарбий қасамёдига содиқ ҳолда, мардлик намуналарини кўрсатган. Таъкидлаш жоизки, Абдураҳим Зиятов Берлингача мардонавор жанг қилиб, Рейхстаг биносига ғалаба байроғини қадаган ўғлонлардан бири.
Албатта, Мирсолиқ Эргашев ва Абдураҳим Зиятов каби қаҳрамонлар, уларнинг жасоратлари ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Ташрифлар давомида отахонларнинг саломатликларини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, тиббий кўрикдан ўтказилди. Юрт тинчлигидек бебаҳо неъматни асраш йўлида фидойилик кўрсатган бундай фахрийларга ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш эса барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати