Ўғлонларга бир олам таассурот бағишлаган машғулотлар

11

Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида “Менинг армиям – менинг фахрим” шиори остида жорий йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ўғлонларни ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан таништириш маросими ўтказилди.
Тадбир машғулотлар кўринишида ўтказилиб, дастлаб муддатли ҳарбий хизматчиларга Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижасида миллий армиямизнинг қудрати ва нуфузи ошгани, халқаро мусобақаларда юртимиз ҳимоячиларининг эришган ютуқлари тўғрисида маълумотлар етказиб ўтилди. Ўқув жойларида муддатли ҳарбий хизматчилар жанговар техникалар ва қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишдилар. Сўнгра янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларга муҳандислик қўшинларининг тактик-махсус машғулотлари ва танкчиларнинг жанговар отишлари билан танк биатлони машқларини амалий бажариш намойиш этилди.
Кейин эса янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар билан бошланғич отиш машқи амалий тарзда бажарилди.

Янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар ўтказилган тадбирлар давомида миллий армиямизнинг куч ва қудратига яна бир карра ишонч ҳосил қилиш билан бир қаторда, амалий отиш машқлари давомида ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаб, жасурлик сифатларини оширишга эришдилар.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати