Музаффар ўғлонлар кутиб олинди

13

Халқаро армия ўйинлари доирасида Россия Федерацияси мезбонлик қилган «Саян юриши» мусобақасида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган юрт ўғлонлари тантанали кутиб олинди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тантанали маросимда мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари полковник Қодиржон Турсунов ва бошқалар мамлакатимизда миллий армия қудратини янада юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шундай эътибор натижасида Ватанимиз ҳимоячилари ҳар йили нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритаётгани алоҳида қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, «Саян юриши» мусобақасида илк маротаба қатнашганига қарамай, майор Зокир Аллакаев раҳбарлигидаги жамоамиз вакиллари фахрли 3-ўринни забт этди. (Хитойликлар иккинчи ва мезбон жамоа биринчи ўринни банд этди). Шу маънода мазкур беллашув музаффар ўғлонларимизнинг юртимиз байроғини доим баланд кўтариши учун ўзига хос тажриба майдони вазифасини ўтади.

Мусобақанинг машаққатли синовларини сабот билан енгиб ўтган ҳарбий хизматчиларни қутлаш учун шу куни уларнинг ҳамкасблари, оила аъзолари, курсантлар, кенг жамоатчилик вакиллари карантин қоидаларига риоя этган ҳолда пешвоз чиқди. Халқаро беллашув майдонида маҳорат ва матонат бобида ўз салоҳиятини намоён этган довюрак ўғлонларимизга Мудофаа вазирлигининг эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди. Мудофаа вазирлиги Марказий ашула ва рақс ансамблининг ғолиблар шарафига бағишланган мусиқий гулдастаси барчага хушкайфият бағишлади.

Лейтенант Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти