АҚШ: ҳарбийларимиз “Илғор жангчи” мусобақасининг яна иккита шарти бўйича рекорд натижаларни янгилади

208

Америка Қўшма Штатларининг Миссисипи штатидаги “Camp Shelby” ҳарбий ўқув базасида бўлиб ўтаётган “Илғор жангчи” мусобақасининг яна 4 та йўналишдаги баҳслари якунланди. Унда мураккаб сунъий тўсиқлар йўлагидан ўтиш, узоқ масофага маршни амалга ошириш, жанг шароитида ярадорга тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда иштирокчиларнинг тунги шароитда ҳарбий топография бўйича билим ва маҳоратлари синовдан ўтказилди.
10 га яқин тўсиқларни ўзида жамлаган, узунлиги 900 метр бўлган йўлакдан ўтиш баҳсларида Ўзбекистонлик ўғлонлар ҳам мувафаққиятли иштирок этиб, ушбу шартда тенгсиз эканликларини яна бир бор намоён этишди.
Баландлиги 8 метр бўлган мураккаб шаклдаги ёғоч тўсиққа чиқиш ва тўрли арқондан фойдаланиб ундан тушиш, кенглиги чамаси 20 метр бўлган сув ҳавзасидан арқон ёрдамида ўтиш, нотекис ва ностандарт мувозанатга эга бўлган турли сунъий тўсиқлардан ўтиш каби кишидан катта жисмоний куч талаб этадиган ушбу мажмуавий машқларда ҳамюртимиз кичик сержант Хайрулло Олимов 9 дақиқаю 20 сония вақт сарфлаб, мусобақа рекордини янгилади.
Мусобақанинг кейинги шартида иштирокчилардан 18 кг юк билан белгиланган вақт оралиғида 20 километрлик масофани босиб ўтиш талаб этилди. Мазкур шартда ҳар икки ҳарбий хизматчимиз ҳам рақибларидан илдам ҳаракатланиб, марра чизиғини 2 соату 2 дақиқада босиб ўтиб, мусобақа натижаларини янгилашга эришди.
Жанг майдонида тиббий ёрдам кўрсатиш машқида иштирокчилар 4 та ўқув саволи бўйича синовдан ўтишди. Унга кўра 4 нафар турли кўринишдаги яраланган жангчиларни жанг майдонидан олиб чиқиш, улардаги шикастланиш даражасини аниқлаш, ташқи ҳаёт белгиларига қараб биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ёпиқ ёки очиқ синиш каби жароҳат олганларга тезкор муолажа қилиш ҳамда уларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш вазифаларини бажаришди.

Шу куни тунги шароитларда ҳарбий топография бўйича иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари ҳам текширилди. Ушбу шартда ҳам ҳарбий хизматчиларимиз яхши натижаларни кўрсатиб зарур балларни қўлга киритишди. Дастлаб улар мусобақа ташкилотчилари томонидан берилган 5 та нуқта координаталарини хариталарда тўғри белгилаб, сўнгра ажратилган 4 соат вақт ичида 20 км радиусдаги ушбу нуқталарни топишди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳарбийларимиз замонавий навигация воситаларисиз, ёввойи ҳайвонот оламига эга бўлган номаълум ҳудудда, хусусан ботқоқлик ва қалин ўрмонзорда ҳаракатланишига тўғри келди. Мардлиги ва шижоати баланд йигитларимиз бу шартни ҳам мезбон иштирокчилар билан тенгма-тенг уддалашди.
Мусобақанинг сўнгги босқичида иштирокчилар турли русумдаги қуроллардан ўт очиш, артиллерия оловини йўналтириш ҳамда тест синовларида беллашади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 18 апрель куни старт олган ушбу мусобақаларда иштирок этиб, юртимиз шаънини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ҳамда кичик сержант Хайрулло Олимовлар эстефета ҳамда узоқ масофага югуриш шартларида ҳам шу кунгача қайд этилган мусобақа рекордини янгилаган, ўзбекистонлик ҳарбийлар 2019 йилда ҳам ушбу мусобақада I ўринни қўлга киритишган эди.

Лейтенант Отабек НОРБОЕВ, Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти. АҚШ, Миссисипи.