“Олтин қўрғон” эгалари беллашуви

9

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигида «Намунали ҳарбийлар оиласи» кўрик-танловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Пандемия чекловлари сабаб онлайн тарзда ўтказилган ушбу мусобақада қўмондонлик тасарруфидаги етти оила уч йўналишда ўзаро беллашишди.
«Мустаҳкам оила – жамият таянчи», «Ота – оила устуни», «Фарзандим – дилбандим» шартларига пухта тайёргарлик кўрган оилалар ўз истеъдодларини ҳар томонлама намойиш этишди. Уларнинг ҳар бир чиқишини Мудофаа вазирлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассис Зулфия Мансурова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати аъзолари одилона баҳолаб борди.
Қизиқарли ва муросасиз ўтказилган кўрик-танлов ўз қаҳрамонларини, яъни намунали ва истеъдодли оилаларни кашф этди. Шаффоф баҳолаш мезонига кўра, биринчи ўрин ғолиблигига катта лейтенант Муродулло Жамилов оиласи муносиб топилди ва республика босқичига йўлланма олди.

Иккинчи ўринни сержант Олим Саъдинов оиласи эгаллади. Учинчи ўрин ғолиблиги эса кичик сержант Дилшод Маҳмудов оиласига насиб этди. Қолган иштирокчилар «Актёрлик маҳорати ривожланган ҳарбий оила», «Энг аҳил ҳарбий оила», «Энг билимдон ҳарбий оила» ҳамда «Энг қувноқ ҳарбий оила» номинацияларига эгалик қилишди.
– Ушбу кўрик-танловнинг барча ғолиб ва иштирокчилари диплом, Фахрий ёрлиқ ва пул мукофоти билан тақдирланди, – дейди қўмондонликнинг хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Дилбар Ҳусанова. – Кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олган катта лейтенант Жамиловлар оиласига эса омад тилаймиз. Улар қўмондонлик шарафини муносиб ҳимоя қилади.

Зулфия ЮНУСОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти