“Ёш мерганлар” мусобақасининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди

21

Бугун, 21 апрель куни мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Сурхондарё вилояти Кенгаши тасарруфидаги Термиз ўқув спорт техника клубида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган Жанубий оператив қўмондонлиги кубоги учун “Ёш мерганлар” мусобақасининг якуний вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.
Тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилояти Кенгаши, Термиз ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилот етакчилари ҳамда фахрийлар иштирок этди.
Ҳаво милтиғидан ўқ отиш мусобақасининг биринчи босқичида 338 та умумтаълим мактабидан 2000 га яқин ўқувчи-ёшлар иштирок этиб, ғолибликни қўлган киритган 70 нафар йигит-қизлар Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи кубоги учун куч синашди.
– Сурхондарё вилоятида ёшларни янги тизим асосида ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда “Мард аскар – ёшларга намуна” дастури қўл келмоқда, – дейди Жанубий оператив қўмондонлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи подполковник Нодир Холиқов. – Бундан ташқари, уюшмаган ёшлар ва ёт ғоялар таъсирига берилган алоҳида тоифадаги шахслар билан ҳам манзилли иш олиб борилмоқда. Мусобақа иштирокчилари кўзидаги олов, юрагидаги шижоатни кўриб, келажагимиз буюк эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Мусобақа ҳарбий хизматчилар ва малакали тренерлар томонидан холисона баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида фахрли 1-ўринни Денов туманининг 75-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Сарбонали Бўриев, 2-ўринни Қумқўрғон туманининг 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Иброҳим Нормуродов, 3-ўринни Термиз шаҳридаги 9-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Диёрбек Доноев қўлга киритди.
Қиз болалар ўртасида эса 1-ўринни Денов туманидаги 26-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Дилрабо Абдимўминова, 2-ўринни Қумқўрғон туманининг 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Камола Чориева, 3-ўринни Денов туманидаги 74-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Фазилат Абдураҳмонова эгаллади.
Умумжамоа ҳисобида мусобақанинг мутлоқ ғолиблиги Денов туманидаги 75-умумтаълим мактаби ўқувчиларига насиб этди ва уларга Жанубий оператив қўмондонлиги кубоги топширилди.
Тадбир давомида саҳна чиқишлари, ватанпарварлик руҳидаги ва уруш давридаги куй-қўшиқлар ижро этилди.

III даражали сержант Акбар АХМЕДОВ, Термиз гарнизони