Аждодларимиз жасорати биз учун ўрнак

10

Иккинчи жаҳон уруши жуда кўп халқларнинг бошига қора кунларни солди. Ҳамюртларимиз ҳам инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли урушда мардларча жанг қилди, қанчадан-қанчаси оловли жанггоҳларда ҳалок бўлди, қанчаси юртимизга ярадор, ногирон бўлиб қайтди. Кўплаб болалар етим қолди. Юртимиз аҳолиси очарчилик, йўқчиликдан қаттиқ азоб чекди. Бироқ шундай қийин дамларда ҳам халқимизнинг қадди букилмади. Қийинчиликка матонат билан бардош берди. Бугун у кунларни эслаш, тинчлик учун жон фидо қилганларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш, уруш ва фронт орти қатнашчиларига эъзоз-ҳурмат кўрсатиш бизнинг инсоний бурчимиздир.

Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари Жомбой туманининг чекка ҳудудларида “Аждодларимиз кўрсатган жасорат биз учун ўрнак” шиори остида ватанпарварлик фестивали ташкил этди.

Фестиваль аҳоли ва ёшларни бир жойга жамлаб, унда намойиш этилган чиқишлар, қурол-аслаҳалар асосан уруш давридаги манзарани акс эттирди.

Тадбирда сўз олганлар Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ҳамда фронтда хизмат қилган ўзбек халқи вакилларининг кўрсатган жасоратлари ва буюк ғалабага қўшган катта ҳиссасини, улар бугунги кунда барча ёшларимизга ўрнак бўлаётганини такидлаб ўтишди.

Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар томонидан тадбир иштирокчиларига ҳарбий оркестр жамоасининг, Фахрий қоровул взводининг чиқиши ҳамда Иккинчи жаҳон урушини акс эттирувчи лавҳалар намойиш этилди.

Фестиваль якунида аҳоли ва ёшларга мамлакат тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишда Иккинчи жаҳон урушида ишлатилган қурол-аслаҳалар ҳамда ҳарбий анжомлар, уларнинг хусусияти ва имкониятлари ҳақида тушунчалар берилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати