Миллийлик, тарихийлик, замонавийлик уйғун

9

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги Термиз гарнизони ҳарбий оркестри ҳамда ҳарбий қисмлардан ташкил этилган бадиий ҳаваскорлар ижодий гуруҳлари томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Термиз шаҳрининг аҳоли гавжум жойларида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Иккинчи жаҳон уруши йиллари воқеаларини ёдга солувчи куй-қўшиқлар ва ўзига хос рақсларни жамлаган концерт дастурлари намойиш этилди.
– Ушбу лойиҳа ўзгача руҳда ташкил этилди, – дейди Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Алишер Ширинов. – Унда миллийлик, тарихийлик, замонавийлик уйғун. Атрофдагиларнинг қизиқиши ҳам бошқача. Бунда биз қадимий мусиқа асбобларидан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Ҳақиқатан ҳам, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак. Бу тарихий ҳақиқатни уларга тўла етказиш, фарзандларимизни миллий ғурур ва ифтихор руҳида, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш биз ҳарбийларнинг бурчимиздир.

Тадбир давомида Иккинчи жаҳон урушига Сурхондарё вилоятидан кетган йигит-қизлар ва улардан қанча нафари қайтганлиги ҳамда қанча қурол-яроғлар, ҳарбий-санитария поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, жуда катта миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилганлиги овоз кучайтиргич орқали томошабинларга етказилди.
Бир сўз билан айтганда, тадбир орқали улкан ғалабага воҳа аҳлининг қўшган ҳиссасини бугунги авлодларга етказиш, фидойи халқимиз қаҳрамонлигини рўй-рост кўрсатиб бериш мақсад қилинди.
Бундай тадбирлар Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган режага асосан вилоятнинг барча туманларида ўтказилиши режалаштирилган.

III даражали сержант Акбар АХМЕДОВ, Термиз гарнизони