Бўлажак алоқачи мутахассис офицерлар соҳа тарихи билан яқиндан танишишди

37

Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти курсантлари иштирокида бир гуруҳ изланувчилар Тошкент шаҳридаги “Алоқа тарихи музейи”га экскурсия қилишди.

“Алоқа тарихи музейи” 2009 йил 24 октябрдан буён ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Музей Ўзбекистон алоқа соҳасининг ривожланиш босқичларини экспозицияларда гавдалантирган. Музей почта алоқасининг ривожланиши, телеграф, телефон алоқаси, радио ва телевидение, мобил алоқа ва соҳанинг мустақиллик йилларидаги ривожланиши бўлимларидан иборат.

Бўлажак соҳа мутахассислари музейни кўздан кечирар экан, унда мамлакатимиз телекоммуникация соҳасининг шаклланиш ва ривожланиш йўлидан гувоҳлик берувчи 400 дан ортиқ экспонатлар борлигига, жамоатчилик қимматли тарихий буюмлар ва техник жиҳозлар ҳамда воситаларни тақдим этиб, музей коллекцияси шаклланишига катта ҳисса қўшганига, музейда бир неча асрлар мобайнида хат ташиган почта аравасининг табиий катталикдаги макети ҳам борлигига гувоҳ бўлишди. Бундан ташқари, музейдаги “Ўзбекистон почтаси” стендида ўзбек почта хизматининг темурийлар давридан тортиб, ҳозиргача бўлган шаклланиш тарихидан ҳикоя қилувчи экспонатлар мавжудлигини кўришди. Почтальонларнинг турли даврлардаги либослари ва почта ускуналарининг ривожланиш жараёнини ҳам кузатиш мумкин бу ерда.
Музейдаги энг камёб экспонат Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлган биринчи мобил телефон ҳисобланади. Ушбу телефон ёрдамида 1992 йилнинг 26 августида Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов вилоятлар билан боғланган экан. Ўзбекистонда телефон алоқасининг ривожланишини акс эттирувчи стенд ҳам жуда қизиқарли бўлиб, бу ерда ўтган аср бошларидан бери фойдаланиб келинган турли телефон моделлари ҳам бор. Экспозициялардан мослама ва ускуналардан ташқари, 1991 йилдан бери яратилган алоқа ва ахборотлаштириш соҳасига тегишли қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, ўтган йилларнинг қоида ва тартиблари намуналари ҳам жой олган.

– Бугунги кунда юртимизда музейлар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар ва кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда мамлакатимизда халқимизнинг миллий маданияти, тарихи, санъати, қадимий анъана ва қадрятларини ўзида мужассам этган беш юзга яқин музейлар фаолият юритмоқда. Ушбу “Алоқа тарихи музейи” шулардан бири сифатида халқимиз маънавиятини юксалтиришга ва биз, бўлажак алоқачи офицерлар билимимиз ошиб, тасаввуримиз кенгайишига ҳисса қўшади, – дейди курсант Рамизбек Раҳмонов.
Ушбу музей ёш алоқачи кадрлар маънавиятини юксалтириш, уларда миллий тарихимизга қизиқишни янада ошириш ҳамда қадимий обидаларимиз ҳақида тушунчаларининг кенгайишига ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.

Майор Шерқўзи ҲАКИМОВ