Ўлим билан юзма-юз ёки ор-номусдан воз кечиш

9

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг катта қуролли тўқнашувлардан бири бўлиб, жанглар давомида жуда кўплаб қурбонликлар берилган, вайронагарчиликлар эса инсон ақлига сиғмас даражада бўлган. Мамлакатимиз учун эса у йиллар алоҳида синов пайтлари бўлди, чунки урушга бориш ўлим билан юзма-юз келиш бўлса, бормаслик ғурур ва ор-номусдан воз кечиш демак эди.
Бугунги кунда юртимиз бўйлаб ўтказилаётган ватанпарварлик тадбирлари қаторига буюк ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган инсонлар ҳолидан хабар олиш ҳам қўшилган.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази ҳарбий хизматчилари ҳам Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари хонадонларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олишмоқда.
Ҳаётда шундай бахтли инсонлар борки, уларга тақдир нафақат ғалаба гашти, балки узоқ умр кўриш имкониятини ҳам берган. Шундай бахтли инсонлардан бири Михаил Когмогоров 1925 йил Россиянинг Новосибирск шаҳрида туғилган. Бугунги кунда Самарқанд шаҳар, Боғи Темур маҳалласи, Исаев кўчаси, 31-хонадонда истиқомат қилади.

Бир пиёла чой устида кечган дилкаш суҳбат давомида биринчи даражали “Мехнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган Михаил Когмогоров меҳмонларга фронтда кечган хотираларидан сўзлаб берди.
Фахрийнинг кўнглини хушнуд қилиш учун Самарқанд гарнизони ҳарбий оркестр жамоасининг куй-қўшиқлари ва болажонларнинг бадиий чиқишлари намойиш этилди. Бир гуруҳ ҳарбийларимиз томонидан ушбу хонадондаги томорқа ерлар юмшатилди, ҳовли атрофи ва ариқлар тозаланиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, қахрамонимиз ва унинг оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди ва керакли тавсиялар ҳамда дори-дармонлар, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
– Бизга берилаётган имтиёзлар ва қаратилаётган эътибордан жуда ҳам миннатдормиз, мен ҳарбийларга қараб ўзимни ёшлигимни кўргандек бўлдим ҳамда меҳмонларни ташрифидан жуда ҳам кўнгли шод бўлди, – дейди 96 ёшни қаршилаётган Михаил Когмогоров.
Суҳбат мобайнида ҳарбийларимиз тинчлик – бебаҳо неъмат эканлигига, уни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, Ватанимизнинг ҳар бир қарич жойи учун жон фидо қилиш ҳарбий хизматчининг бурчи эканлигига яна бир бор амин бўлдилар.

Контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Хайрулло ЎЛМАСОВ