Душманга нафрату бурчга садоқат

15

Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги Самарқанд гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари Нарпай туманининг “Бахт” маҳалласида истиқомат қилувчи 103 ёшли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Норбек бобо Мардонов ҳолидан хабар олишди.

Норбек бобо 23 ёшдалигида уруш бошланиб, унинг қалбида душманга нисбатан нафрат, ўч олиш туйғуси уйғонди, ҳаёт-мамот жангига отланди. Марказий фронтда хизмат қилган от кўплаб шаҳарларнинг озод қилинишида қатнашди. Шафқатсиз жангларнинг бирида ярадор бўлди, бироқ душманларга бўлган нафрати уни яна қайта жангга чорлади. Ана шундай жангларнинг бирида яна бир марта оёғидан жароҳатланади ва шундай бўлса-да, жанг майдонини ташлаб кетмасдан урушнинг сўнги кунларига қадар курашиб, шонли ғалабага эришилгандан сўнг уйига қайтди.

– Биз кўрган кунларни сизлар кўрманглар, болаларим. Уруш пайтлари жангга кирган ҳам, уйида қолганга ҳам минг азоб эди. Ахир урушдан қанчадан-қанча ватандошларимиз қайтмади. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин, – дейди бобо.

Урушдан кейин Норбек бобо маориф соҳасида фаолият юритиб, ёш авлодга билим-маърифат улашди. Мамлакат тараққиёти учун тиним билмай қилган меҳнатлари самараси ўлароқ Ўзбекистон Республикасининг “Жасорат” медали билан тақдирланди.

Ҳарбийлар билан хайрлашар экан, отахон Ўзбекистон халқига сиҳат-саломатликни, ёруғ кунлар доим ёр бўлишини, дастурхонига эса қут-барака тилаб, дуо қилди.

Ҳа, Норбек бобо Мардонов кабиларнинг ҳаёти барча ёшлар учун ибратдир.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати