Шон-шарафни улуғлаган фестиваль минглаб ёшларни бирлаштирди

23

Ўтганларни хотирламоқ, уларнинг муқаддас номларини ёдга олмоқ, тирикларни эса қадрламоқ хайрли иш. Бинобарин, бундай амаллар халқни бир-бирига яқинлаштириб, кўнгилларга саховат, меҳр-оқибат, яхшилик уруғини сочади. Эзгулик бор жойда эса хотира чироғи мангу ёнади. Пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида хизмат қилган юртдошларимиз хотирасига бағишлаб илк бор ўтказилган “Шон-шараф” республика ҳарбий фестивали ҳам ана шундай эзгуликка хизмат қилувчи шодиёна бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Минглаб ёшларни хайрли мақсад йўлида бирлаштирган мазкур фестиваль Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ҳамда Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди.
Кўтаринки руҳда бошланган фестивалда дастлаб ёшлар ўзбек оналарининг тимсоли, Иккинчи жаҳон урушига бир эмас, беш азамат ўғлини кузатган қаҳрамон аёл Зулфия Зокирова ва унинг садоқатли келинлари шарафига ўрнатилган “Матонат мадҳияси” мажмуаси пойига гулчамбарлар қўйиб, ҳурмат бажо келтиришди.
Шундан сўнг олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ҳамда Тошкент “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларининг саф юришлари намойиш этилди.
“Шон-шараф” музейида ўтказилган фахрийлар ва ёшлар учрашуви ҳам ёшлар учун ўзига хос ибрат, мактаб вазифасини ўтади, десак муболаға бўлмайди. Зеро халқимиз “қари билганни пари билмайди”, деб бежиз айтишмайди. Мазкур учрашув давомида иштирокчилар машаққатли, шу билан бирга шарафли ҳаёт йўлини босиб ўтган, айни вақтда эса қарилик гаштини сураётган Қуролли Кучлар фахрийлари билан дилдан суҳбатлашишди. Тадбирнинг азиз меҳмонлари ўз хотираларини ўқувчиларга ҳикоя қилиб берар экан, бугунги кунда юртимизда қарияларни қадрлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлардан, ўзларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромдан мамнун эканликларини таъкидлашди.
Учрашувдан сўнг ёшлар музей бўйлаб саёҳатга таклиф қилинди.

– Музей залларидан ўрин олган экспозицияларни томоша қилар эканман, кўз олдимда даҳшатли уруш даври жонланди. Уруш қатнашчиларига қанчалик қийин бўлганини дилдан ҳис қилдим, қалбимда жасур ва мард боболаримизга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғулари жўш урди, – дейди пойтахтимиздаги172-сонли умумтаълим мактаби ҳарбий синфи ўқувчиси Азиз Муҳаммадов. – Тинчлик даврида яшаётганимизга шукрона келтирдим. Мен ҳам келажакда ҳарбий бўлишни ният қилганман. Йиллар ўтиб албатта, орзуимга етаман ва она Ватанимга садоқат билан хизмат қиламан!
Фестиваль доирасида намойиш этилган концерт дастури кўнгилларга ҳақиқий байрам шукуҳини улашди. Тадбир аввалида мудофаа вазири ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев ва Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттахонова сўзга чиқиб, Иккинчи жаҳон урушида ўзбек халқининг ғалабага қўшган ҳиссаси, жасорати, мардлиги ҳақида сўзлади. Ўша олис ва суронли жанг майдонларида ҳам миллатимизнинг буюклигини, мардлик унинг фарзандлари қон-қонига сингиб кетганини исботлай олган, ўзбекнинг номини бутун дунёга танитган қаҳрамон аждодларимиз ёди қалбларда мангу эканлигини эътироф этдилар ва ёшларни буюк аждодларга муносиб авлод бўлишга, тинчликнинг қадрига етишга чорладилар.
Дастур давомида ҳарбий санъаткорлар ва таниқли эстрада хонандалари ижросида шўҳ куй-қўшиқлар янгради, қўшиқлар рақсларга уланди.

Майор Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти