«Шон-шуҳрат» орденининг барча даражаси соҳибларидан бири

13

Уруш… Аслида жанг майдонига ҳеч ким орден ёки медал учун тушмайди. Лекин, бунинг ортида ор-номус, юрт тинчлиги тикилган бўлса, бундай ҳолатларда ҳар қандай хавфни ҳам ортда қолдириб, жонини тикиб бўлса-да, душманни янчмоққа шайланган ўғлонлар топилади. Бугун биз фронтда ана шундай жасорат кўрсатган энг таниқли миномётчилардан бири ҳақида сўз юритмоқни лозим топдик. У уруш йилларида «Шон-шуҳрат» орденининг тўртала даражаси билан ҳам мукофотланган Александр Величкодир.
Александр 1925 йил 12 сентябрда Қозоғистоннинг Бадам станциясида ишчи оиласида туғилган. Унинг ота-онаси Марказий Осиёда темир йўл қуришда ишлаган. Александр болалигидан ўқишга жуда қизиқар, математика фанини жуда яхши кўрарди. У 9-синфни тугатгандан кейин Жанубий Қозоғистон темир йўлларида ишлади. Уруш бошланганидан кейин кўнгиллилар сафида бир неча бор мурожаат қилди, аммо ёши етмагани учун уни фронтга қабул қилишмади…
1943 йил 18 ёшни қаршилаган Александр Чирчиқдаги Тошкент пулемёт ва миномёт мактабига ўқишга юборилди. Фронтдаги оғир вазият ўқиш учун белгиланган 6 ойнинг 4 ойини тамомлаган ёш курсантларни Воронеж яқинида ташкил этилган 37-гвардия дивизиясига қўшимча куч сифатида жўнатилишига сабаб бўлди. У ерда қаҳрамонимиз том маънода ўзининг 82 ммли миномётида тажрибасини оширди.
Александр Величко аввал Украина озодлиги учун жангларда қатнашди. Биринчи яраланиши ҳам шу жангларда бўлди. Портлаган снаряд парчаси унинг бошига кириб қолади. Врачлар бош мия қобиғи орасидан снаряд парчасини олиб ташлашга узоқ вақт уринишди. Жисмонан чиниққан ва юрагида сафдошлари орасига тезроқ қайтиш истаги жўшиб турган Александрни тез орада ўз вазифасига қайтаришди. Жанг майдонига қайтган Величко Днепр дарёсини кечиб ўтишдаги кўрсатган қаҳрамонлиги учун «Жасорат» медалига лойиқ кўрилди.

Александр Величко Украина фронти таркибида 5-гвардия армиясининг 50-гвардия отиш полкида миномётчи вазифасида давом эттирди. 1944 йил 17 апрелда Днепр дарёсидан ўтиб, Варница қишлоғи (Новоаненск тумани, Молдавия) яқинидаги жангга киришда А. Величко душманнинг ўқи остида миномёт экипажини ўқ-дорилар билан таъминлади. Эртаси куни ўз миномётидан душманнинг йирик калибрли пулемёти ва 20 та аскарини йўқ қилди.
1944 йил 15 апрелдаги 15-гвардия Харьков ўқчи дивизиясининг буйруғига асосан гвардия сержанти Величко Александр 3-даражали «Шон-шуҳрат» ордени билан мукофотланди.
1945 йил 16-январида Пилица дарёсидаги душманнинг мудофаасини бузиш жангларида миномёт бўлими командири Величко душманнинг 2 та ўқ отиш нуқтасини ва 7 та душманни йўқ қилди ҳамда 5 нафар душманни асирга туширди. 21 январ куни Крейзбург (ҳозирги Ключборк, Польша) яқинида Величконинг миномёт экипажи душманнинг 2 та қарши ҳужумини йўққа чиқарди.
1945 йил 15 мартда Гирсдорф (Германия) қишлоғининг шарқидаги жангда у душманнинг 2 та ўқ отиш нуқтасини миномётдан йўқ қилди. Гирсдорф қишлоғи учун жангда душманнинг қарши ҳужумларини қайтариб, учта пулемёт пунктини ва 11 та фашистни йўқ қилди. 18-март куни Розен станцияси учун жангда у душманнинг миномёт батареясининг кулини кўкка совурди.
У «Қизил юлдуз» ордени учун номзод бўлган эди. Аммо мукофотлар рўйхатида 2-даражали «Шон-шуҳрат» ордени билан тақдирланганлиги тўғрисида ҳеч қандай ёзув бўлмаганлиги сабабли (буйруқ ҳали имзоланмаган эди), бўлинма командири мукофот мақомини 2-даражали «Шон-шуҳрат» ордени билан ўзгартиради. Натижада 5-гвардия сержанти Величко Александр Иванович иккита 2-даражали «Шон-шуҳрат» ордени билан мукофотланади.
1945 йил 16-апрелда Мускау шаҳри ҳудудида душман мудофаасининг ёриб ўтиш пайтида Величко душманнинг 2 та пулемёт пункти ва 7 та аскарини йўқ қилди. Унинг командирлигидаги миномёт экипажи биринчилардан бўлиб Нейсе дарёсидан ўтди ва асосий кучларнинг ўтишини таъминлади.
Эртаси куни Вайсвассер шаҳри (Германия) учун жангда у душманнинг 2 пулемёт пунктини йўқ қилди.
СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1945 йил 27 июндаги фармони билан Александр Иванович Величко қўмондонликнинг жанговар вазифаларини намунали бажаришдаги жасорати учун 1-даражали «Шон-шуҳрат» ордени билан тақдирланди.

«Шон-шуҳрат» орденларидан ташқари, Величко 1-даражали Ватан уруши ордени билан мукофотланган ва бошқа кўплаб медалларга эга. 1950 йилда кичик офицер унвони билан захирага ўтказилди. Тошкент авиация техникумини тамомлаган Александр Величко компрессор оператори лавозимида узоқ йиллар ишлади.
Ғалабанинг 70 йиллиги шарафига ўтказилган Москвадаги парадда Александр фахрий меҳмон сифатида қатнашди. Величко Украинани фашист босқинчиларидан озод қилишдаги шахсий жасорати ва қаҳрамонлиги учун Ғалабанинг 65 йиллиги муносабати билан Украинанинг 3 даражали «Жасорат» ордени билан мукофотланди.
У сўнгги кунларига қадар Тошкентнинг Махмур маҳалласида яшади. Иккинчи жаҳон урушининг тўрт марта «Шон-шуҳрат» ордени билан тақдирланган сўнгги қатнашчиси Александр Величко 2019 йилнинг 1 октябрда 94 ёшида вафот этди.
– Бугунги кунда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳамда “Шон-шараф” давлат музейининг иккинчи қаватида Ўзбекистоннинг фронтга қўшган ҳиссаси вилоятлар кесимида ёритилган бўлиб, эътиборингизни Тошкент шаҳрига қаратмоқчиман. Тошкентнинг 70 дан ортиқ ўғлонлари Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони унвонига сазовор бўлишган бўлса, 19 нафар ватандошларимиз эса «Шон-шуҳрат» орденининг тўлиқ номдорлари ҳисобланади. Махсус ажратилган витринада «Шон-шуҳрат» орденининг тўлиқ номдори Александр Величкога тегишли бўлган орден медаллар, маълумотлар, фотосуратлар сақланмоқда. Бугунги кунда музейнинг илмий ходимлари томонидан бу инсонга тегишли бўлган архив маълумотлар, шахсий ҳужжатлар ўрганилмоқда ҳамда келажакда ташкиллаштириладиган экспозицияларда янада кенгайтирилган маълумотлар беришга асос бўлиб хизмат қилмоқда. «Шон-шуҳрат» орденининг тўлиқ номдорлари Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари даражасига тенглаштирилган, – дейди музейнинг етакчи илмий ходими Барно Исҳоқова.

Шерзод ШАРИПОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти