«Одамларнинг қорни оч, лекин кўзи тўқ эди…»

8

Иккинчи жаҳон уруши: мислсиз қаҳрамонликлар, олингану берилган жонлар, дарёлар ўзанини тўлдириб оққан қонлар, вайронага айланган боғу роғлар, ер билан битта бўлган обод шаҳарлар, етим қолган норасидалар, порох хидига тўлган ўпкалару бир умр эшикка тикилган ва армон билан очиқ кетган мунис ва мунгли кўзлар…
Балки яна бошқачароқ таърифлар ҳам бордир. Бироқ ҳозир Иккинчи жаҳон уруши ҳақида хаёлда бўй кўрсатганлари шу. Уруш йилларидан қанчалик узоқлашмайлик, ундаги мардлик, халқимиз кўрсатган жасоратнинг қадр-қиммати шунча ошаверади.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабани қўлга киритишда, албатта, фронт ортида матонат кўрсатган қанчадан-қанча заҳматкаш инсонларнинг машаққатли меҳнати турибди. Бугун улар халқимиз ардоғида.
Тошкент вилоятининг заҳматкаш Оққўрғон тумани аҳолиси Иккинчи жаҳон урушида ҳам фронт чизиғида, ҳам фронт ортида юксак мардлик ва матонат намунасини кўрсатади. Бугун Оққўрғон туманида ўша оловли жангларда иштирок этган биргина Файзулла бобо Нурматов ва яна 51 нафар фронт орти фахрийлари истиқомат қилади. Туман мудофаа ишлари бўлими вакиллари бу инсонлар ҳолидан мунтазам хабар олиб туради.
Муқим бобо Аҳмедов туманнинг «Ҳосилдор» маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилмоқда. У киши 1929 йилнинг 1 сентябрь куни таваллуд топган. Уруш айни авж паллага кирган пайти бобо кўплаб қишлоқдошлари қатори фронт ортида матонат билан меҳнат қилади.
Шу ўринда бир кичик лирик чекиниш. Ҳаммамиз театрга тушганмиз. Кўз ўнгимизда ўз санъатини намоён этаётган актёрлар маҳоратига тик оёқда чапак ҳам чаламиз. Чунки улар чиндан ҳам маҳоратли, ўз ишининг устаси. Энди бир ўйлаб кўринг. Бу маҳорат томошабин эътиборига хато ва камчиликларсиз ҳавола этилиши учун саҳна ортида қанчадан-қанча инсонлар қаттиқ меҳнат қилади. Фронт ортида заҳмат чеккан кишиларни ҳам айнан шуларга қиёслаш мумкин.

Муқим бобо ўша қийинчилик кунларини ёдга олиб шундай дейди:
– Ҳамма нарса фронт учун эди. «Мен бу ишни эплолмайман, бу иш менга тўғри келмайди», деган гапни биров эшитмасди. Ёшу қари тиним билмай ишларди. Одамларнинг қорни очу, кўзи тўқ эди. Ҳозир баъзи бир қорни тўқ, лекин кўзи оч кимсаларни кўрсам, негадир ўша кунлар ёдимга келаверади.
Кейинги манзилимиз туманнинг «Навбаҳор» МФЙ бўлди. Бу ерда фронт орти заҳматларини бошидан кечирган Солькен момо Эшонова истиқомат қилади. У кишининг хонадонига борганимизда ҳовлини тартибга келтираётган, уйларни оқлаётган, умуман хонадон аҳлининг оғирини енгил қилаётган ҳарбийларни учратдик. Туман мудофаа ишлари бўлими вакиллари бу ерга ҳам қуруқ қўл билан келишмаган. Кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва шифокор кўриги Солькен момо кўнглини тоғдек кўтарди. У айниқса, ҳовлини тартибга келтираётган ҳарбийлардан жуда миннатдор.

Ҳа, Ватан, элу юрт учун жон куйдирган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғида. Ахир ўйлаб кўринг, Иккинчи жаҳон уруши тугаганига бу йил 76 йил тўлади. Бу инсонлар эса ҳамон юксак ҳурмат-эҳтиромда. Мардлик, жасорат ва Ватанга содиқликнинг мукофоти бу.

Лейтенант Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, «Vatanparvar»