Ҳарбийлар навқирон ёшлар ва пиру бадавлат кексалар ҳузурида

11

“Баркамол авлод – келажак пойдевори”. Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Бекобод шаҳрида жойлашган бўлинмаси шахсий таркиби томонидан ҳарбий қисмга бириктирилган 8-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тадбир ана шундай номланди. Тадбир давомида ўқувчи ёшларга бугунги кунда Қуролли Кучларимиз сафидаги хизмат ҳам нуфузли, ҳам шарафли, ҳам масъулиятли бурч экани алоҳида таъкидланди. Ёшлар ҳарбий соҳада ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Қўмондонликнинг Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида жойлашган ҳарбий қисми томонидан эса тумандаги 4-сонли умумтаълим мактабида ўқувчи ёшлар, ҳарбийлар ва фахрийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага эга фахрийларнинг умр йўллари, барчага ибрат бўларли ишлари ёшларга ўрнак сифатида эътироф қилиниб, эртамиз эгалари келгусида қай касбни танлашларидан қатъий назар юртга садоқатли, ватанпарвар ёшлар бўлиб етишишлари зарурлиги таъкидланди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати