Жангларда ва фронт ортида қаҳрамонлик кўрсатганлар эъзозда

14

Шонли ғалабанинг 76 йиллигига ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Сана муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларига ташриф буюрувчилар, эъзозу эҳтиром кўрсатувчилар сони янада кўпаяди. Улар қаторида Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбийлари ҳам бор.
Чилонзор туманининг “Юқори Дархон” кўчаси, 17-уйда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Абдужалил ота Ғаниев ҳам урушнинг даҳшатли кунларига гувоҳ бўлган. Отахонни йўқлаб келгувчилар кўп. Қўмондонликнинг Тошкент шаҳрида жойлашган бўлинмаси ҳарбийлари ҳам Абдужалил ота хонадонида бўлиб, унинг саломатлигини тиббий кўрикдан ўтказдилар. Уруш хотиралари ёдга олинди.
Боёвут туманида истиқомат қилаётган 94 ёшли Рисолат ая эса фронт орти меҳнат фахрийси. Қўмондонликнинг Ширин шаҳридаги бўлинмаси бир гуруҳ ҳарбийлари ташрифидан мамнун бўлган ая, уруш йилларини хотирлар экан, халқимиз, айниқса аёллар, кексалар ва болаларнинг фронт орти ҳаётини оғир хўрсиниш билан эслайди.

Ватандошларимиз нафақат жангларда, балки фронт ортида ҳам катта қаҳрамонлик кўрсатиб, фронт таъминоти учун улкан ҳисса қўшганларини алоҳида таъкидлайди.
Айтиш жоизки, ҳарбийлар нафақат уруш ва фронт орти фахрийлари, балки ўзлари билан бирга хизмат қилиб, саломатлиги туфайли бугунги кунда нафақага чиққан сафдошларини ҳам асло ёддан чиқармайдилар. Муҳаммаджон Жалолов ҳам юрт ҳимоясида собит турган ўғлонлардан бири эди. Автоҳалокат туфайли 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган сафдошини йўқлаб келган Намангандаги ҳарбий қисм шахсий таркибини кўриб, Муҳаммаджоннинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Дўстлари унинг ҳол-аҳволини сўраб, моддий кўмак бердилар. Бу каби эзгу ва хайрли ишлар бардавом бўлсин!

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати