АҚШ: ҳарбийларимиз “Илғор жангчи” мусобақасини рекорд натижалар билан бошлади

32

2021 йил 18 апрель куни Америка Қўшма Штатларининг Миссисипи штатидаги “Camp Shelby” ҳарбий ўқув базасида “Илғор жангчи” мусобақасига старт берилди.

Мусобақада турли штатлардан келган AҚШ қуролли кучлари бўлинмаларидан жами 14 нафар ҳарбий хизматчилар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг икки нафар ҳарбий хизматчилари иштирок этмоқда.

Мусобақа асосан 8 та йўналиш бўйича 20 дан ортиқ шартларни ўзида жамлаган бўлиб, иштирокчилар жисмоний тайёргарлик, ҳарбий топография, тўсиқлар йўлагидан ўтиш, узоқ масофага юриш, тиббий ёрдам кўрсатиш, турли русумдаги қуроллардан ўт очиш, артиллерия оловини йўналтириш ҳамда мавзуга оид тест синовларини топширишади.

Мусобақанинг дастлабки йўналишида ҳарбий хизматчилар жисмоний қобилияти текширилди. Унга кўра иштирокчилар оғирлиги 5 кг бўлган коптокни ортга улоқтириш, ўз вазнидан камида 3 баравар оғир бўлган юкни кўтариб ўтириб туриш, 3 дақиқа ичида ётган ҳолда куч машқини бажариш, 25 метр масофага турли юклар, ҳолатларда югуриш орқали бажариладиган эстафета, турникда тортилиш ҳамда 3,2 км масофага югуриш машқларини бажаришди.

Юртимиз шаънини ҳимоя қилаётган III даражали сержант Дилмурод Сулаймонов ҳамда кичик сержант Хайрулло Олимовлар мазкур беллашувнинг барча шартларида мувоффақиятли қатнашиб, юқори натижа кўрсатишди.

Айниқса, иккала ҳарбий хизматчимиз эстефета ҳамда узоқ масофага югуриш шартларида шу кунгача қайд этилган мусобақа рекордини янгилади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда ҳам ушбу мусобақада иштирок этган ҳарбий хизматчиларимиз I ўринни қўлга киритишган эди.

Лейтенант Отабек НОРБОЕВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти. АҚШ, Миссисипи.