Улар қонли жанггоҳларда жон олиб-жон берган эди…

12

Уруш… у доимо жудолик, вайроналик ва йўқотишларга сабаб бўлиб, халқлар бошига оғир мусибатларни солади. Тинчлик учун курашган қаҳрамонлар ёди эса ҳамиша қалбларимизда. Ана шундай қаҳрамонлардан бири Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани Султонобод шаҳарчасида истиқомат қилувчи Одилжон ота Сидиқовдир. Ота бугун фарзандлари-ю набиралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбийлари отахон ҳолидан хабар олдилар. Отахон ўша машъум йиллар хотираларини ёдга олди. Ҳарбий ўғлонлар Одилжон ота хонадонида ободонлаштириш ишларини амалга ошириб, соғлигини тиббий кўрикдан ўтказдилар ва шахсий гигиена воситаларини етказиб бердилар.

Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи Жалол ота ҳам қонли жанггоҳларда жон олиб-жон берган. Қўмондонликнинг Бекобод шаҳрида хизмат қилувчи ўғлонлари отахон хонадонига ташриф буюриб, бу нуроний инсон билан ҳамсуҳбат бўлдилар. 17-18 ёшида урушга кетиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган сафдошларини ёд этар экан, отахоннинг кўзлари беихтиёр ёшланди. Ҳеч қачон уруш бўлмаслигини тилаб дуога қўл очди. Юрт ҳимоячилари бу хонадонда ҳам ободонлаштириш ишларини амалга оширдилар.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати