Касбий маҳорат амалиётда синалди

27

Юртимиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳар томонлама етук офицер кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилади. Мудофаа вазирлиги ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти 4-босқич курсантларининг дала-ўқув машғулотларидаги иштироки ҳам ана шу эзгу мақсад йўлидаги самарали қадамдир.
Эрта тонгдан жисмоний тайёргарлик билан бошланган машғулотлар, жанговар ва маънавий-маърифий ҳамда мутахассислик бўйича алоқа тайёргарлиги машғулотлари билан давом этди. Машғулотларни малакали офицер ва профессор-ўқитувчилар ташкиллаштирди.
Миллий армиямиз учун етук кадрларни тайёрлаш, шу билан бирга курсантларда турли шароитларда руҳий барқарорликни таъминловчи маънавий-ахлоқий ва жанговар фазилатларни, мустаҳкам ирода ва Ватан тақдири учун масъулият ҳиссини шакллантириш ҳамда ҳарбий жамоаларда соғлом муҳитни қарор топтириш мақсадида ташкиллаштирилган мазкур ўқув машғулотларида асосий эътибор берилган топшириқ ва вазифаларни сифатли бажаришга қаратилди.
Жанговар тайёргарлик машғулотлари олдидан машғулот раҳбарлари курсантларга ҳар бир қуролнинг қўлланиши, тактик-техник тавсифи, улардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш бўйича батафсил маълумот беришди. Шундан сўнг иштирокчилар белгиланган ўқув нуқталарида отиш тайёргарлиги, умумқўшин тактикаси, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш бўйича олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлади. Алоқа тайёргарлиги машғулотларида эса ҳарбий техникаларга ўрнатилган замонавий алоқа воситаларини ишга тайёрлаш ҳамда бўлинмалар ўртасида алоқани таъминлаш бўйича замонавий кўникмаларни ўзлаштиришди.

Машғулотда қанча қийин бўлса, жангда шунча осон бўлади, деган ҳақиқатни ҳаётий шиорга айлантирган ўғлонлар топшириқларни бажаришда ўзларидаги чаққонлик, эпчиллик, уддабуронлик фазилатларини намоён қилди. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир курсант машғулотларда фаол иштирок этиб, шахсий намуна қўрсатишга интилди. Бу жиҳат албатта ўқитувчиларнинг назаридан четда қолмади.
– Машғулотларда шу кунгача олган назарий билимларимизни синовдан ўтказдик. Қийналмадингизми, дейсизми? Йўқ, қизиқиш кучли бўлгани учунми ҳеч қандай қийинчилик сезилмади. Йўл қўйилган баъзи камчиликларни тузатиш, касбий кўникмаларимизни янада ошириш мақсадида ўқитувчиларимиздан керакли тавсиялар олдик. Келажакда етук офицери сифатида Ватанимга садоқат билан хизмат қиламан!– дейди курсант Ойбек Мавлонов.
Куннинг иккинчи ярмида курсантлар учун психологик тренинг ўтказилди. Унда асосий эътибор ҳарбий хизматчининг ахлоқий-руҳий ҳолатини барқарорлаштиришга қаратилди.
Машғулотлардан сўнг Тошкент ҳарбий округи маънавият-маърифат марказининг «Навқирон» гуруҳи томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Майор Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти