Мардлик ва жасорат кўрсатишга ундаган туйғу

9

Икинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг жасорати ва матонатини улуғлаш, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида шу кунларда жойларда қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги Хайробод гарнизони ҳарбий хизматчилари Денов туманидаги Янгиобод ва Жомий маҳаллаларида истиқомат қилаётган уруш фахрийлари 105 ёшли Ашур бобо ҳамда 95 ёшли Досик бобо ҳолидан хабар олдилар.
Жараёнда Ўзбекистон қаҳрамони, сенатор, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Содиқжон Турдиев, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Орзиқул Соатов ва Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг вилоят бўлими вакиллари ҳамда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Алишер Ширинов иштирок этди.

– Қиш пайти, 17 ёшимда бизни урушга жўнатган, – дея хотирлайди Ашур бобо. – Ўшанда Ватанга меҳримиз қанчалик юксак бўлса, душманга нафратимиз бундан ҳам кучлироқ бўлган экан. Ёшликдаги ана шу ҳис-туйғу нияти бузуқ газандалардан ер юзини тозалашга бизни чорлаган. Қуролдош дўстларимиз билан душманни йўқ қилиб, олға ҳаракатланарканмиз, бу туйғу ҳар биримизни мардлик ва жасорат кўрсатишга ундаган. Илоё бу урушнинг номи ўчсин… – Кўзларига ёш олиб бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик учун дуолар қилди ота ҳамда йўқлаб келганлар учун меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Ташриф давомида Хайробод гарнизони ҳарбий оркестри томонидан уруш давридаги куй ва қўшиқлар айтилди.

III даражали сержант Акбар АХМЕДОВ, Термиз гарнизони