Совуқдаги қайноқ ҳарорат

75

“Халқаро армия ўйинлари – 2021” доирасида юртдошларимиз “Саян юриши” мусобақалариДа қатнашиш учун Росссия Федерациясининг Тува республикасига етиб келганидан хабарингиз бордир.
Ушбу мақоламизда ҳарбий хизматчиларимизнинг Красноярск ўлкасидаги Ергаки ҳарбий спорт ўқув марказида мусобақага тайёгарлик жараёни ҳақида тўхталмоқчимиз. Тавсифни сал ошириб юборсак тўғри тушунасиз, иштирокчиларнинг машаққатини ҳис қилиб, ўзимиз ҳам улар билан бирга қор кечиб юрибмиз.
Хуллас, мусобақа иштирокчилари мутлақо янги иқлим шароити ва табиат инжиқликлари остида ўн иккита шарт бўйича қизғин тайёргарлик олиб боришмоқда. Аниқликка граната улоқтириш, гуруҳ таркибида жанговар ўқ отиш, нишонларни аниқлаш, қор кўчкисида қолган ярадорни қидириш, тепаликни тезкор вақтда забт этиш, арқонда жумар ёрдамида қояга кўтарилиш, режалаштирилган маршрутда ҳаракатланиш, арқон ёрдамида қоядан тезкор тушиш, ориентирлаш каби бир-биридан мураккаб, ҳушёрлик, чидамлилик ва чаққонлик талаб қиладиган машғулотлар ҳарбий хизматчиларни росмана мусобақага тоблаб боради.

– Москвада карантиндан кейин бир оз вақтимиз бўлиб, шаҳар айландик. Лекин хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ҳеч нарса татимади. Ергакига келганимиздан кейин ҳам йигитлар билан фақат мусобақа, шартлар, тайёргарлик ҳақида гаплашамиз. Ёруғ юз билан, ғалаба қозониб, Ватанга қайтсак, барчага муносиб совға бўларди, – дейди жамоа мураббийи кичик сержант Жуманазар Тариев.
Ҳа, бу кунларда чалғиш мутлақо мумкин эмас. Бирорта шартни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Ҳар биридан йиғилган баллар якунда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Боз устига озгина ҳушёрликни бой бериш жаримага сабаб бўлиб, жамоани ортга тортиши эҳтимоли бор. Шунинг учун бўлса керак, ҳали мусобақалар бошланишидан олдин ҳам баҳс-мунозаралар қулоққа чалина бошлади. Токи мавҳумлик тарқасин, аниқликка путур етмасин.
Муҳими, об-ҳавонинг совуқлиги, қорнинг қалинлиги юртдошларимизга заррача таъсир қилгани йўқ. Уларнинг юраги Ватанга бўлган муҳаббат ҳарорати билан ёнади.

Капитан Азиз НОРҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти. Россия Федерацияси, Красноярск.