Ватанпарварлик карвонининг навбатдаги манзили Арнасой тумани бўлди

11

Марказий ҳарбий округда “Мард аскар – ёшларга намуна” шиори остида ташкил этилган ватанпарварлик акцияси давом эттирилиб, бу галги манзил Жиззах вилоятининг олис ҳудудларидан бири ҳисобланган Арнасой тумани бўлди.

Фестивалга Жиззах гарнизони ҳарбий хизматчилари, вилоят Мудофаа ишлари, Халқ таълими, Ички ишлар, Миллий гвардия, ФВВ, Маданият ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят ва туман Кенгашлари ҳам бош қўшди.

Сўзга чиққан туман ҳокими Хуршид Алимардонов мамлакат тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишда Қуролли Кучларнинг ўрни ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларнинг баркамол шахс сифатида камол топиши учун амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб, барчани фестивалда фаол иштирок этишга чорлади.

Шундан сўнг ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги чиқишлари намойиш этилди. Бу ёшлар кўнглида Ватанга бўлган меҳрни ва қалбларида ватанпарварлик ҳиссини уйғотиши билан фестивалга кўтаринкилик олиб кирди.

Жиззах гарнизони ҳарбий оркестр жамоаси ҳамда туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан куйланган она Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлар эса барчани унга жўр бўлишга ундади.

Фестиваль доирасида замонавий ҳарбий техника, қурол-аслаҳалар ҳамда ҳарбий анжомлар намойиш этилиб, ёшларга уларнинг хусусияти ва имкониятлари ҳақида тушунчалар берилди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати