Командир ва ёшлар учрашуви

4

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Қашқадарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмлари томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, эртамиз эгаларининг ҳарбий ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини янада бойитиш, уларни ҳар томонлама баркамол авлод сифатида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшиб келинмоқда.
Хусусан, Қарши шаҳар Халқ таълими бўлими ва қўмондонлик ҳарбий қисми ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик Меморандумига асосан, 20-сонли умумтаълим мактабида “Командир ва ёшлар учрашуви” ўтказилди. 60 нафардан ортиқ ўқувчи ёшлар иштирок этган мазкур тадбир давомида бугунги кунда Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш борасида фаолият олиб бораётган олий ҳарбий таълим муассасалари хусусида маълумотлар берилди. Шунингдек, қўмондонлик ҳарбий қисмларида жанговар хизмат фаолиятида эришилаётган ютуқларни акс эттирган видеолавҳалар ҳам намойиш этилди.

Ўқувчи ёшлар ҳарбий соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар. Ўтказилган бу каби тадбирлар келажагимиз ворисларининг илк ҳарбий кўникмаларини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати