Соҳибқирон санъатини ўрганаётган ҳарбийлар

4

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий қисмларида соҳибқирон Амир Темур таваллуди муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, қўмондонликнинг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларидан бирида “Амир Темур давлатининг қурилиши” мавзусида маънавий тадбир ўтказилди. Тадбирда халқаро Амир Темур жамоат фонди раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 100 га яқин мақолалар муаллифи Тўлқин Ҳайит иштирок этиб, буюк саркарда ҳаёти, марказлашган давлат тузиш борасидаги ҳарбий юришлари хусусида юрт ҳимоячиларига сўзлаб берди. Ҳарбий хизматчилар томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тошкент вилоятининг Чорбоғ қўрғонидаги ҳарбий қисм ўғлонлари эса Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бўстонлиқ туман Кенгаши билан ҳамкорликда 16-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган “Темур тузуклари билимдони” танловининг туман босқичида иштирок этдилар. Таъкидлаш жоизки, мазкур танловда қатор куч тузилмаларининг ҳарбий хизматчилари “Темур тузуклари” бўйича ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Якуний натижаларга кўра қўмондонлик ҳарбий хизматчиси контракт бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Абдулла Сапаев ғолибликни қўлга киритиб, “Темур тузуклари билимдони” дея эътироф этилди. Ғолиблар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бекобод шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда эса юрт ўғлонлари учун “Амир Темур марказлашган давлат асосчиси” мавзусида машғулот ташкил этилди. Мавзуга оид маълумотлар, фото ва видеоматериаллардан фойдаланилган ҳолда ўтказилган машғулот давомида ҳарбий хизматчиларнинг темурийлар тарихига оид билим ва кўникмалари яна бир бор мустаҳкамланди.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари
қўмондонлиги матбуот хизмати