Регби-15 бўйича «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик Кубоги» ғолиби аниқланди

5

Регби-15 спорт тури бўйича «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик Кубоги» анъанавий мусобақасининг бу йилги мавсум ғолиби аниқланди. Мусобақада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги спорт клубининг жами олтита жамоаси иштирок этди. Мусобақанинг гуруҳ босқичида Миллий гвардия жамоасини 24:5 ҳисобида, Мудофаа вазирлиги спорт клубини эса 35:3 ҳисобида мағлубиятга учратган Мудофаа вазирлиги терма жамоаси ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Ярим финал босқичида Ички ишлар вазирлиги жамоасини 74:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финал босқичига етиб келди.
Мусобақанинг финал босқичи Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази базасида бўлиб ўтди. Финал учрашувининг тантанали очилиш маросимида Олий Мажлис сенати раисининг биринчи ўринбосари, Регби федерацияси раиси Содиқ Сафоев, Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда регби спорт тури анчайин оммалашиб бораётганлиги ва унинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шундан сўнг Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов финал учрашувини очиқ деб эълон қилди. Мусобақанинг финалида Мудофаа вазирлиги ҳамда Миллий гвардия терма жамоалари куч синашишди. Мудофаа вазирлиги спорт клуби ўйингоҳида бўлиб ўтган учрашув кутилганидек жуда муросасиз, шиддатли курашларга бой бўлди.

Финал учрашувининг биринчи бўлими якунида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамблининг ватанпарварликка йўғрилган қўшиқ ва рақслари мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Финал учрашувида рақибини 46:12 ҳисобида мағлуб этган Мудофаа вазирлиги терма жамоаси мусобақа финалининг ғолиби бўлди. Мусобақанинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан Кубок, медаллар ва дипломлар билан тақдирланишди.

Шерзод ШАРИПОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти