Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и ёд этилди…

4

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво қучларининг бир гуруҳ масъул офицерлари ўзбек романчилиги асосчиси, ёзувчи Абдулла Қодирий таваллудининг 127 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбони”га ташриф буюрди.
Қодирий ҳайкали пойига жам бўлган ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими иштирокида қизғин суҳбатлар олиб боришди.
Адибнинг ҳаёти ва ижоди нафақат ҳарбий хизматчилар, балки миллатимизнинг ҳар бир вакили учун ҳам ибратдир. Биргина “Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони Отабек тимсолида чин ватанпарварлик, миллатни зиёли кўриш орзуси уфуриб туради. Айниқса, қаҳрамоннинг рус босқинчиларига қарши урушда қўшиннинг олд сафида туриб, эрк учун курашуви ҳар бир ҳарбий хизматчи кўнглида ботирлик ва садоқат туйғуларини уйғотади.

Мулоқотларда айтилганидек, Қодирий сиймосида Ватанига жисман ва маънан хизмат қила олган мард ўғлон, фидоий жангчи, миллатпарвар инсон яшайди. У ҳар биримизга ўз ўтмишимизни теран англаш, ўтган кунларимиздан сабоқ чиқариш каби муҳим жиҳатларни эслатиб туради.
Адиб ҳайкали пойида ўтган мулоқотларда ўзаро фикрлар тингланди, ёзувчи шахсияти ва ижодига эҳтиром кўрсатилди.

Лейтенант Бобур ЭЛМУРОДОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти