«Ҳаёт мактаби»дан учирма

5

Яқинда кўзда қувонч ёшлари билан фарзандларини муддатли ҳарбий хизматга кузатган ота-оналар ҳақида ёзгандик. Бугун эса Қуролли Кучлар академиясида йигитлик бурчини ўтаб бўлган бир гуруҳ аскарларни оиласи бағрига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Қўзларида қувонч порлаган йигитларнинг бир қанчаси олий ҳарбий таълим муассасасига ҳамда олий ўқув юртига кириш учун имтиёзли тавсияномалар, Фахрий ёрлиқ ва ташаккурнома билан тақдирландилар. Уларнинг ҳар бирини ўз эгаларига Қуролли Кучлар академияси бошлиғи полковник Шавкат Мамажонов тақдим қилди.
Эл корига камарбаста ўғлонлар билан суҳбатлашсангиз, қатъий мақсад ва режаларини айтиб тугатолмайди.
– Назаримда, ушбу ҳарбий муассасага муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун кириб келганимизга унча кўп муддат бўлмади. Аммо кам ҳам эмас. Ушбу вақт оралиғида ўрганганларимиз, олган таассуротларимиз бир умрга татийди. Биз бу ерда Ватанимизнинг жанговар қудратини бор бўй-басти билан ҳис қилдик. Ҳарбий хизматга тааллуқли билимларни назарий томондан ўргандик, амалиётда синаб кўрдик, – дейди оддий аскар Асрор Каримов. – Оилам бағрига бир олам таассуротлар билан биргаликда Фахрий ёрлиқ билан қайтяпман. Бу ота-онамни севинтиришига ишонаман. Уларнинг ишончига муносиб бўлишга бир умр интилиб яшайман.

Тавсиянома олган Шоҳжаҳон Ўсаров Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига кириб, келажакда юрт нуфузини халқаро майдонда юксалтиришга ҳисса қўшиш ниятида эканини айтса, Анваржон Абдулвоҳидов Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртига ҳужжатларини топшириб, Ватаннинг само сарҳадларини ҳимоя қилишни мақсад қилганини билдиради.
Гапнинг сирасини айтганда, улар «ҳаёт мактаби»дан катта ҳаётга учирма қилиндилар. Тақдирлаш маросимидан сўнг ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларни яна бир бор жипслаштириб, байрамона кайфиятини оширди. Ёруғ юз билан, соғ-саломат ота-онаси ва яқинлари бағрига қайтаётган юрт ўғлонларига муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз.

Капитан Азиз НОРҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти