Самарқандда қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази фойдаланишга топширилди

6

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Самарқанд шаҳридаги собиқ “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи биноси Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги масъуллигида 12 млрд сўм эвазига қайта реконструкция қилиниб, ички ва ташқи меҳнат бозорида талаб юқори бўлган қурилиш соҳаси мутахассислари тайёрлаш марказига айлантирилди.

Унинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда марказнинг илк қалдирғочлари сифатида этироф этилган тингловчилар иштирок этишди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ўқитиш қуввати 450 ўринга мўлжалланган марказда тингловчилар учун 450 ўринли ётоқхона ва ошхона ҳам қурилганлигини такидлаб, туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан ишсиз, деб эътироф этилиб, йўлланма асосида ўқишга қабул қилинган ҳар бир фуқарога ҳар ойда 560 минг сўмдан стипендия ҳам тўлаб берилиши ҳақида айтиб ўтди.

Эндиликда ушбу марказда 14 та мутахассислик бўйича таълим-тарбия берилади. Хусусан, ғишт терувчи, дурадгор, сувоқчи, темир-бетон ишлари устаси, электро-газ пайвандчиси, бўёқчи-безакчи, сантехника ишлари устаси, электро-монтажчи, кўтарма кран бошқарувчисининг ёрдамчиси, қопловчи-плиткачи, пўлат ва темир бетон конструкциялар монтажчиси, гипсокартон монтажчиси, кран машинисти, том ёпувчи каби юқори билим ва савияга эга бўлган ўз ишининг усталари етишиб чиқади.

Бунинг учун марказ тингловчиларга назарий ва амалий машғулотлар ўташ синф хоналари, ҳар бир мутахассисликлар бўйича алоҳида жиҳозлар, керакли дастгоҳ ва ўқув буюмлари билан жиҳозланган.

Тадбир сўнгида маҳаллий санъаткорлар ва гарнизон ҳарбий оркестри томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар йиғилганларга ва марказ ходимлари билан илк тингловчиларига байрамона кайфият улашди.

Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати