Қўриқхона ишончли ҳимояга эга бўлди

12

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари бугун Ватан ҳимояси йўлида қалқон бўлибгина қолмасдан, балки Сирдарё ва Бухоро вилоятларидаги техник ҳамда табиий офатлардан талафот кўрган ҳудудларда қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиш, ёрдамга муҳтож қатламга амалий ёрдам кўрсатиш, пандемияга қарши кураш, аҳоли ва ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга ҳисса қўшиш каби эзгу ишларда ҳам жонбозлик кўрсатаётгани таҳсинга лойиқ бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Президентимизнинг “Армия фақат қурол-аслаҳа билан эмас, она Ватан учун жонини аямайдиган ҳарбийлар билан қудратлидир” деган сўзларига “лаббай” деб жавоб қайтараётган ҳарбийларимизнинг бу билан матонати, фидойилиги ва салоҳияти яққол намоён бўлмоқда.

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида жойлашган ва шу кунгача ташландиқ бир аҳволда ётган “Сайҳун” қўриқхонасининг Мудофаа вазирлигига ишониб топширилгани ҳам айни муддао бўлди. Бугунги кунгача қўриқхона ташландиқ аҳволга келибгина қолмасдан, балки у ердаги ҳайвонот ва наботот олами ҳам йўқолиб кетиш арафасида эди. Ҳозирда Мудофаа вазирлиги томонидан ноёб ўсимликлар ва дарахтларнинг янги турларини ўтқазиш, ҳайвонот оламини турли хилдаги ҳайвонлар билан бойитиш бўйича ишлар режалаштирилиб, бошлаб юборилган.
Юртимиз ҳимоячиларининг она Ватанимиз жилоси бўлган табиатимизни ҳам асраб-авайлашига ишонамиз.

Ботир СОДИҚОВ, “Миллий тикланиш” демократик партияси Мирзо Улуғбек туман Кенгаши раиси