Жамоатчилик кенгаши раиси ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари билан учрашди

8

Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий шаҳарчада Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис сенати аъзоси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Содиқжон Турдиев, бир гуруҳ сенаторлар ва маҳаллий кенгаш депутатлари, Сурхондарё вилояти ҳокимияти мутасаддилари ҳамда фахрийлар иштирокида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашув ўтказилди.
Унда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, жумладан, бандлигини таъминлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасида қилинаётган ишлар ҳамда уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди.
Суҳбат давомида шунингдек, Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотлар, янгиликлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва унинг таркибига кирувчи вазирлик ҳамда идораларнинг ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари фарзандларининг квота асосида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 2018 йил 22 июндаги қарори бўйича белгиланган имтиёзлар тўғрисида атрофлича тушунтиришлар берилди.

Содиқжон Турдиев ҳарбий хизматчиларнинг Ватан олдидаги юксак бурчларини садоқат билан бажаришларида улар оила аъзоларининг ҳиссаси ва ўрни беқиёс эканлигини таъкидлаб, ҳарбий хизматчиларнинг машаққатли хизматларини тўғри тушунганликлари учун уларнинг рафиқаларига чуқур миннатдорчилик билдирди.
Ўз навбатида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун давлатимиз раҳбарига ҳамда мутасадди ташкилотларга чуқур миннатдорчилик билдирилди.
Шундан сўнг Жамоатчилик кенгаши раиси Содиқжон Турдиев ҳарбий қисмларда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишди ва юрт ҳимоячилари билан самимий мулоқот қилди.

III даражали сержант Акбар АХМЕДОВ, Термиз гарнизони