Ўқув спорт техника клублари ўз ҳудудидаги барча ёшларни қамраб олиши зарур

5

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши ва Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарларининг Республикамиз ёшларига эълон қилинган қўшма мурожаатномаси ижроси, хусусан фуқаролар, айниқса ёшларни меҳнат бозорида эҳтиёжи юқори бўлган касбларга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг 30 март куни мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари Н.Муллабоев бошчилигидаги ишчи гуруҳи «Ватанпарвар» ташкилоти Андижон вилоят Кенгаши тасарруфидаги Марҳамат ўқув спорт техника клубида бўлишди.

Унда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ҳарбий-ватанпарварлик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда уларни ўқув спорт техника клубида йўлга қўйилган спорт турларига жалб қилишни ўрта мактабларнинг кичик синфлариданоқ бошлаш кераклиги хусусида айтиб ўтилди. Бунинг учун ёшларни жалб қиладиган самарали интерактив ғоялар ва ташаббуслар кўрсатиш лозимлиги қайд этилди ва ўқув спорт техника клублари ўз ҳудудларидаги барча ўрта мактабларнинг ўқувчи ёшларини қамраб олиши зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, «Ватанпарвар» ташкилоти ва Ёшлар агентлиги ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан Республикамиз миқёсида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган муҳтож оилалар фарзандларини ўқув спорт техника клубидаги «ВС» тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича ўқув гуруҳларида бепул ўқитиш бўйича кўрсатмалар бериб ўтилди.

Шу куни ўқув спорт техника клубининг 2021 йилга мўлжалланган спорт календарь режасига асосан ўқувчи ёшлар ўртасида «Ўқ отиш» спорт тури бўйича мусобақа ўтказилди. Ғолиб спортчилар диплом, медаль ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти