Мурожаат – долзарб, ечим – ижобий

6

Ҳозирги интилувчан, уддабурон йигит-қизлар билан суҳбатлашсангиз, ғайрату шижоатига лол қоласиз. Бири тадбиркорликни йўлга қўймоқчи, бошқасининг илмга қизиқиши баланд, яна кимдир инновацион ишланма яратиш истагида. Айниқса, бугунги ёшлар орасида ҳарбий бўлишни мақсад қилганлар кам эмас. Аммо шу каби кўзланган ниятга эришишда албатта бирор савол ёки муаммо кўндаланг бўлиши мумкин. Мудофаа вазирлиги томонидан «Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз» шиори остида сирдарёлик ёшлар билан ўтказилган учрашувда шу каби масалаларга ечим изланди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, вилоят бандлик бош бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши, қатор тижорат банкларининг ҳудудий филиаллари ҳамкорлигида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ташкил этилган тадбирда вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидан келган ёшлар жам бўлди.

Қизғин ва очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш устувор вазифа эканини таъкидлади. Хусусан, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари юртимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этилаётгани, Қуролли Кучларимиз сафлари қўрқмас, чинакам ватанпарвар аскар ва офицерлар билан бутланаётгани алоҳида қайд этилди.

Учрашувнинг савол-жавоблар қисмида ёшлар ўз ечимини кутаётган қатор масалалар юзасидан мутасаддиларга юзланди.

Тадбирда ҳарбий хизмат билан бир қаторда айрим ёшларнинг интенсив боғ, иссиқхона учун ер ажратиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун банкдан кредит олиш, қўшимча иш ўрни яратиб, тенгдошларини банд қилишда дуч келаётган муаммолари мулоқот майдонининг ўзида ижобий ҳал этилди. Унинг ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари тегишли ташкилот вакилларига аниқ топшириқлар берди.
Учрашувда мурожаати ва мулоҳазалари билан фаол иштирок этган йигит-қизларга вазирлик томонидан китоблар жамланмаси топширилди.

Лейтенант Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти