Аскарлар уйга қайтмоқда

5

Айни кунларда барча ҳарбий қисмларда Ватан олдидаги ўз йигитлик бурчини ўтаган ҳарбий хизматчиларни ота-онаси бағрига тантанали кузатиш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Шундай тадбир Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам ўтказилди.
Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда ҳарбий қисм шахсий таркиби ҳамда давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар ҳарбий хизматнинг бугунги нуфузи ҳақида гапириб, дунёдаги энг муқаддас, энг шарафли юмушни адо этган бу алпкелбат йигитларга бундан кейинги ҳаётларида доим омад ёр бўлишини тилаб, қалбларидаги эзгу ниятларини йўллади.
Тантана давомида муддатли ҳарбий хизмат давомида сафдошларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлган аскарларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Чиноз тумани кенгаши томонидан Ташаккурнома тақдим этилди.

– Ҳарбий xизматнинг унутилмас, ёдда қоларли лаҳзалари кўп. Қадрдон дўстлар орттирдим. Улар билан бир умр дўстлик ришталарини узмайман, – дейди оддий аскар Зуфарбек Муҳаммаджонов. – Муддатли ҳарбий хизмат давомида кўнглимда ҳаётимни шу соҳа билан боғлаш мақсади туғилди. Шунинг учун олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кирмоқчиман. Тест имтиҳонигача яна ўқиб-ўрганаман, билимларимни ошираман. Ҳарбий xизматни ўташ жараёнида ҳам бизга бир қатор шароит ва имкониятлар берилди, яьни ўқишга тайёрланишимиз учун барча адабиётларга эга кутубхона бизнинг ихтиёримизда бўлди. Бунинг учун ҳарбий қисм қўмондонлигига миннатдорчилик билдирамиз.
Мана, ўғлонлар ёруғ юз билан уйига қайтмоқда. Кўнгилларида бир олам эзгу орзулар. Тилагимиз, муқаддас бурчни шараф билан ўтаган ҳар бир ўғлоннинг умр йўллари ҳамиша ёруғ ва нурафшон бўлсин.

Майор Улуғбек ДАДАБОЕВ