Самарқандда ҳарбийларнинг оила аъзолари ва маҳаллий аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди

8

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги бир қатор тиббиёт муассасаларининг 10 га яқин олий тоифали мутахассислари “Ихтисослаштирилган автотранспорт”да қўмондонликнинг Самарқанд вилоятида жойлашган бўлинмасига ташриф буюриб, бу ерда хизмат қилаётган юрт ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзолари ҳамда Қўшработ туманида истиқомат қилаётган маҳаллий аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Шунингдек, кўрикка Самарқанд вилоятида жойлашган болалар ва катталар учун мўлжалланган тиббиёт муассасаларининг 15 нафардан ортиқ малакали ходимлари ҳам жалб этилди. Мазкур жараёнда кардиолог, педиатр, терапевт, гинеколог, офтальмолог, лор, невролог, эндокринолог, фтизиатр, хирург, травматолог, онколог, инфекционист, стоматолог ва тери-таносил касалликлари мутахассиси каби врачлар кўриги, шунингдек УТТ, ЭКГ ва рентгенологик текширувлари ўтказилди.

Соҳа мутахассислари кун давомида ҳарбий хизматчиларнинг 110 нафар оила аъзолари, шунингдек 65 нафар маҳаллий аҳоли саломатлигини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказдилар. Ҳудудда “темир дафтарга” киритилган, боқувчисини йўқотган ҳамда эҳтиёжманд оилаларга алоҳида эътибор қаратилиб, касалликлари ташҳисидан келиб чиққан ҳолда бепул дори-дармонлар тарқатилди. Ногиронлиги юзасидан ҳужжатлари расмийлаштирилишига, кўз касаллиги бўйича тиббиёт муассасасида бепул даволаниш учун ордер олинишига кўмак берилди.

Шу куни ҳарбийлар ва тиббиёт ходимлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Толлибой ота Узоқов хонадонида ҳам бўлиб, отахон ҳолидан хабар олдилар. Қонли жанггоҳлардан омон чиққан Толлибой отанинг руҳи тетик, йўқлаб келгувчиларни кўриб унинг кўнгли янада кўтарилди. Отахон саломатлиги тиббий кўрикдан ўтказилиб, унга ва оила аъзоларига дори-дармонлар тарқатилди.

Таъкидлаш жоизки, ўтказилаётган бу каби кенг қамровли тадбирлар юрт ҳимоячиларининг оилаларида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиб, мавжуд касалликларини барвақт аниқлаш ва тез даволаш, хасталикларнинг сурункали ҳолатга ўтиб кетишини олди олиш, инсон умрини узайтириш ҳамда соғлом авлод дунёга келишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати