Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги мутахассислари 2021 – Халқаро ҳарбий ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда

34

Илонизи йўлдан кетар экансиз, бирданига тиззангизгача қорга ботиб қоласиз. Бир оёғингизни қутқатара олсангиз марра сизники – кейинги қадамни боса оласиз. Мудофаа вазирлиги тоғ тайёргарлиги мутахассислари билан чўққини забт этиш йўлида ҳаракат қилар эканмиз, 2021 – Халқаро ҳарбий ўйинлар “Саян юриши” мусобақасида она юрт шаънини ҳимоя қиладиган ҳарбий хизматчилар матонатини тасаввуримизга сиғдиришга уринардик.

Ушбу мусобақада биринчи маротаба иштирок этишга тараддуд кўраётган Мудофаа вазирлиги жамоаси билан биргаликда тик қояларгача чиқиб бордик. Ўзларига ишонч билан 12 та шарт талабларига кўра тайёргарлик кўраётган Ватан ҳимоячилари ғалабадан бошқа нарсани кўзлагани йўқ. Уларни эса олдинда бир-биридан кучли талаблар ва рақиблар кутаяпти.

Мусобақа низомига кўра, иштирокчилар биринчи куни 24 800 метр масофани босиб ўтиб, 6 та шартни бажарадилар. Иккинчи куни эса улар 19 500 метрлик марш давомида қолган 6 та шарт талабларини амалга оширишлари лозим. Янгича муҳит ва об-ҳаво, иқлимнинг ўзгаришига қарамай юртдошларимиз кучлилар орасида сараланиб, ғолиб бўлиб қайтиши керак.

– Ҳарбий хизматчилар илк маротаба қатнашаётган мусобақага иштирокчилар ҳар томонлама синовлардан ўтказилиб, сараланди. Уларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси, чидамлилиги инобатга олинди. Чунки йигитлар мусобақа шартларига кўра 10 соатлаб тинимсиз ҳаракат қилишлари талаб қилинадиган ўринлар бор. Шунинг учун саралаш давомида 5 км, 10 км масофага югуриш, юриш, “Кичик чимён” чўққисига юк билан чиқиб, тушиш каби вазифаларни муваффақиятли адо қилган сафдошларимиз Россия Федерациясида ўтказиладиган халқаро мусобақада Ватанимиз номидан баҳсга киришадиган бўлди, – дейди иштирокчилардан бири Нурбек Ҳусанов.

Кичик сержант Сирожиддин Ҳайдаров эса ўтган йили ўтказилган халқаро армия ўйинларида “Отлиқ марафон” йўналишида қатнашганини, жамоамиз фахрли 2-ўринни олганини, иштирокчилар мазкур мусобақадан ҳам ғолиб бўлиб қайтиш ниятида қатъий ҳаракатда эканини таъкидлади.

Тайёргарликни сидқидилдан олиб бораётган мусобақа иштирокчиларига ҳамиша зафар ёр бўлишини тилаб хайрлашдик. Ҳар қандай муваффақият ҳам осонликча қўлга киритилмайди, албатта. Ишонамизки, ортида эл манфаати, юрт нуфузи турганини чин дилдан ҳис қилган ҳарбий хизматчилар бошқа давлатлардан келган рақибларига осонликча бўй беришмайди.

Катта лейтент Азиз НОРҚУЛОВ, “Vatanparvar” газетаси