Авиамодел спортчилари ҳаво жангида куч синашди

11

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ва ҳамкор ташкилотлар томонидан пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган Талабалар шаҳарчаси спорт майдонида авиамодел спорт тури бўйича Тошкент шаҳар очиқ чемпионати F-2-Д синфи мусобақаси бўлиб ўтди. Унда ташкилот ходимлари, спорт мураббийлари, ушбу спорт тури бўйича халқаро натижаларга эришган спортчилар иштирок этди.
Тадбирни Яккасарой ўқув спорт техника унитар корхонаси бошлиғи Ш. Зокиров очиб бериб, мусобақа иштирокчиларига хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш, авиамоделни ҳаво жангига чиқаришдан олдин барча назорат босқичларидан синчковлик билан ўтказишни таъкидлаб ўтди.

Техник назоратдан ўтган самолётлар ҳаво жангига киришар экан, бошқарувчи авиамоделга боғланган тросни маҳкам ушлаб туриши, бошқариши лозим бўлади. Чунки авиамодель мотори кучли ҳаракатланиш хусусиятига эга бўлиб, бошқарув назоратсиз қолса турли нохуш воқеаларга сабаб бўлиши мумкин.
Пандемиядан кейин биринчи бор ташкил этилган ушбу мусобақада ўсмирлар ва халқаро миқёсда натижаларга эришган спортчилар ўртасида бир-биридан қизиқарли ҳаво жанглари бўлиб ўтди. Мусобақани тажрибали мураббийлар Алибек Жуманиёзов ва Дмитрий Белоглазовлар бевосита назорат қилиб боришди.
Мусобақа якунида ғолиблар ташкилотнинг эсдалик совғалари билан мукофотланди.

Лейтенант Бобур ЭЛМУРОДОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти