Термизда кузатув маросими бўлиб ўтди

11

Термизда жорий йилги чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сативалдиев, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда чақирилувчиларнинг яқинлари иштирок этди.
– Бугун менинг ҳам фарзандим муддатли ҳарбий хизматга йўл оляпти. Мана шу ердаги барча оналар қатори бугун мен учун ҳам қувончли кун. Фарзандимнинг муддатли ҳарбий хизматга йўл олиши менга 8 март байрамига совға бўлди, – дейди Қизириқ туманидан келган чақирилувчи Шоҳқамбар Усмоновнинг онаси Наргиза Номозова.

– Тиббий кўрикнинг туман босқичидан ўтганимдан сўнг менга кейинги босқич, яъни жисмоний тайёргарлик йўналиши бўйича назорат синов машқлари топширим кераклигини айтишганларида, жуда хурсанд бўлдим. Чунки мен муддатли ҳарбий хизматга йўл олиш учун биринчи қадамни босиб ўтганлигимни ҳис қилдим ва жисмоний тайёргарликдан ҳам юқори натижаларга эришиб, куч тузилмаларидан суҳбат қилиш учун келган ҳарбий акаларимиз суҳбатларидан ўтдим. Синовларнинг барчасидан ўтиб, бугун Ватан олдидаги бурчимни бажариш учун хизматга йўл олмоқдаман. Мана шу сафда турган йигитлар билан олдимизга қўйилган вазифаларни аъло даражада бажариб қайтишга сўз берамиз, – дейди Денов тумани мудофаа ишлари бўлимидан чақирилган Азизбек Жумаев.
Тадбир якунида чақирилувчилар учун байрамона тушлик ташкил этилди. Нуроний отахону онахонлар йигитларнинг соғ-саломат хизматни ўтаб, яқинлари бағрига ёруғ юз билан қайтиб келишларини тилаб дуо қилишди.

III даражали сержант Акбар АХМЕДОВ, Термиз гарнизони