Аёллар спартакиадаси ғолиблари аниқланди

21

Ғалаба тотидан ўйнамоқдан бери бўлиб, қўшиқ айтиб юборишга ҳам тайёр турган, табассум билан суратга тушишга ошиқаётган ҳарбий хизматчи аёлларга ушбу муваффақият байрам туҳфаси бўлди.
Гапни бошидан бошласак, Қуролли Кучлар академиясида аёллар спартакиадаси ўтказилди. Ушбу мусобақа ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида анъанавий тарзда ташкил қилинади. Унда Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат фаолиятини олиб бораётган ҳарбий хизматчи аёллар ўзларининг жисмоний тайёргарликларини яна бир бор синовдан ўтказадилар. Бу гал иштирокчилар арқон тортиш, эстафета, сузиш, стол тенниси, шахмат, шашка, дартс ва волейбол каби спорт турлари бўйича беллашдилар.

Тантанали очилиш маросимида иштирокчилар юртимиздаги таниқли қўшиқчилар ҳамда Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқларга рақсга тушиб, байрамона кайфият ҳосил қилдилар. Шундан сўнг мусобақа шартларини бажаришга киришиб кетдилар. Шаффоф тарзда баҳолаб борилган спорт мусобақларининг якунларига тўхтала қолайлик.
Натижаларга кўра, 50 метрга сузиш бўйича I даражали сержант Юлиана Кильдишова (Мудофаа вазирлиги Марказий аппарати алоқа бошқарув тугуни), шашка бўйича кичик сержант Музайянахон Раҳманова (Мудофаа вазирлиги Марказий аппарати ва марказий алоқа тугуни), шахмат бўйича сержант Татяна Гарашенко (Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти), стол тенниси бўйича кичик сержант Азиза Ҳабибова (Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти), дартс бўйича кичик сержант Динара Хусанходжаева (Қуролли Кучлар академияси), арқон тортиш бўйича Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти жамоаси, эстафета йўналишида марказга бўйсунувчи ҳарбий қисм, волейбол бўйича Мудофаа вазирлиги Марказий аппарати ва марказий алоқа тугуни жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Мудофаа вазирлиги Марказий аппарати ва марказий алоқа тугунига, 2-ўрин Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига, 3-ўрин Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти вакилларига насиб этди. Ғолиб ва совриндорларга медаль, Фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Аслида оила ташвишлари, ҳарбий хизмат топириқлари, дугоналар эътирози-ю болаларнинг хархашасидан ортиб шу жойгача келган мусобақа иштирокчиларининг барчаси ғолиб. Келгусида уларнинг номи ҳам илғорлар сафида бўлишига тилакдошмиз.

Катта лейтенант Азиз НОРҚУЛОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти