Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам ТАБРИГИ

22

Ҳурматли ҳарбий хизматчи ва ишчи-хизматчи аёлларимиз!

Сизларни 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ҳозирги кунда биз эркаклар билан бир сафда ҳарбий хизматчи ва ишчи-хизматчи аёлларимиз ва млакатимиз ҳаво сарҳадларини қўриқлаш, қўшинларда алоқани ташкил этиш бўйича жанговар навбатчиликни ўтаб, ўқув-жанговар ва тактик машғулотларда фаол иштирок этишмоқда.

Тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган аёлларимиз ҳам ўзларининг фидойилиги ва ватанпарварликларини намоён этиб, Сардобадаги фавқулодда ҳолатда ҳамда коронавирус пандемиясини бартараф этишда фаоллик кўрсатганлиги алоҳида таҳсинга лойиқдир.

Олий Бош Қўмондонимиз томонидан тиббиёт ходималарининг меҳнатлари юқори баҳоланиб, 4 нафар ҳарбий хизматчи аёлларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилган “Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақасида икки йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги аёллар терма жамоаси рекорд натижаларни қайд этган ҳолда, ғолибликни қўлдан бой бермай келмоқда.

Спортчи аёлларимиз ҳам халқаро нуфузли спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб, 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларига сазовор бўлишди ҳамда Токио олимпиядасида иштирок этиш учун 2 нафар спортчи қизимиз лицензияни қўлга киритишди.

Армиянинг куч-қудратининг юксалиши ва салоҳиятининг ортишида ҳарбий таълим муассасаларидаги устоз ва мураббий аёлларимизнинг ўрни беқиёс бўлиб, уларнинг бор билим ва кўникмаларини ёшларга етказишдаги муносиб хизматлари доимий эътирофимизга сазовордир.

Албатта, бундай ютуқ ва юксак натижаларга эришаётган аёлларимизни бугунги куннинг Тўмарислари десам, асло муболаға бўлмайди.

Фурсатдан фойдаланиб, чинакам ватанпарвар этиб тарбиялаб, вояга етказган аскарларимизнинг мунис оналарини, ҳарбийларга ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг рафиқалари ва оила аъзоларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклайман.
Муҳтарама аёллар!

Яна бир бор, барчангизга ўзимнинг энг эзгу ва самимий тилакларимни билдириб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ҳурмат билан,

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Б. КУРБАНОВ