Қуролли Кучлар давлат музейининг тоифаси юксалди

19

Қуролли Кучлар давлат музейига Маданият вазирлиги томонидан биринчи тоифали музей сифатида фаолият юритиш гувоҳномаси тақдим этилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази масъул офицерлари, “Ветеран” жангчи фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси аъзолари, ҳарбий хизматчилар ҳамда талабалар иштирок этди.
Музейларнинг тарихий, моддий ва маънавий ёдгорликларни сақлаш ва тарғиб қилиш орқали ёшларни она заминга садоқат, аждодлар қолдирган маънавий меросга ҳурмат ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муносиб ўрни бор. Улар гарчи турли ном ва йўналишларда бўлса-да, ўз вазифасига кўра барчаси бир хил эзгу мақсад йўлида хизмат қилади. Сиз қай бир музейга кирманг, аввало мозий билан юзлашасиз. Бу ердан жой олган ҳар бир экспонат гўёки сизга турли даврларда яшаган аждодларимиз ҳаёти, ўша давр маданияти, маънавияти, бебаҳо санъат дурдоналари, аждодларимизнинг илм-фан соҳасида эришган ютуқлари ҳақида ҳикоя қилади. Зотан мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрли деганларидек, юрт, миллат, тарихини билмоқ ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарз саналади. Инсон ўзлигини англамоқ учун аввало Ватаннинг, аждодларининг тарихини ўрганмоғи керак. Тадбир давомида сўзга чиққанлар ҳам музейларнинг аҳамияти, маънавий қиммати ҳақида сўз юритар экан, ёш авлодни тарихий меросимизни асрашга, уларни келажак авлодларга қандай бўлса шундайлигича етказишга ўз ҳиссаларини қўшишга чорладилар.
Тадбир давомида Маданият вазирлиги музейлар ва кутубхоналарни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Элёр Муллажонов Қуролли Кучлар давлат музейи раҳбариятига биринчи тоифали музей сифатида фаолият юритиш гувоҳномасини тантанали равишда топширди.

Ҳарбий санъаткорлар томонидан куйланган куй-қўшиқлар кўнгилларга ҳушнудлик олиб кирди.
Тадбир музейнинг экспозиция заллари бўйлаб саёҳатга уланди.
– Музейимиз ҳар доим курсантлар, аскарлар ҳамда ўқувчилар билан гавжум бўлади, – дейди Қуролли Кучлар давлат музейи директори Мусалим Нуритдинов. – Эътибор бераётган бўлсангиз, бугун келажагимиз эгалари бўлган ёшларга таълим-тарбия бериш жараёнида турли усул ва воситалардан кенг фойдаланилмоқда. Айниқса, ёшларда юртимиз тарихи, маданияти ва бойликлари ҳақида кенгроқ тушунча ҳосил қилиш ва улар қалбида ватанпарварлик, юртга муҳаббат ҳамда фахр-ифтихор туйғуларини шакллантиришда музейларга уюштирилаётган саёҳатларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Чунки ёш авлод бундай масканлар билан танишиш орқали тарихимиз, тараққиётимизнинг турли даврлари, санъатимиз, адабиётимиз ва маданий меросимизнинг ўзига хос томонлари ҳақида тасаввурларини кенгайтиради. Қолаверса, ана шу бойликларни асраб-авайлаб, келажак авлодларга ҳам бус-бутун етказиш масъулиятини чуқур ҳис қилади, дилларида эгалик ҳисси пайдо бўлади.

Майор Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти