Барча давр ва замонлардаги долзарб масала

27

Тарбия иши барча давр ва замонларда ҳам энг муҳим ва масъулиятли бўлиб келган. Бу ҳақда гап кетганда, буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган сўзларини эслаш кифоя.
Бугун ҳарбий қисм ва муассасаларда шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлиги билан бир қаторда унинг маънавий-маърифий, ахлоқий тайёргарлигига чуқур эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки кучли ва қудратли армиянинг салоҳияти замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалардан аввал унинг сафларидаги инсонларга, уларнинг салоҳиятига боғлиқ.

Бу борадаги тизимли ишларни такомиллаштириш, соҳадаги янгиликларни тарғиб этиш, тажриба ва ютуқларни оммалаштириш мақсадида Марказий ҳарбий округ қўшинлари тарбиявий ва макуравий ишлар органи офицерлари ҳамда хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахасислар билан Самарқанд гарнизонида ўқув-услубий йиғин ўтказилди.
Тадбирда Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Самарқанд ҳарбий прокуратураси ходимлари ўз маърузалари билан иштирок этди. Ўқув-услубий йиғинда ортда қолган ўқув йилида эришилган ютуқлар сарҳисоби ва янги мавсумда қилинадиган ишлар режаси ўрганилиб тасдиқланди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти