Ҳарбий қисм 24 ёшга тўлди

6

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги ҳарбий қисм ташкил этилганига 24 йил тўлди. Шу муносабат билан ҳарбий қисмда тантанали байрам кечаси ташкил этилиб, ушбу даргоҳда садоқат ва фахр туйғуси билан хизмат қилаётган бир қатор ҳарбий хизматчилар яна бир бор эътироф этилди.
Ҳозирда ушбу ҳарбий қисм ва унинг шахсий таркиби замонавий жанговар техникалар билан таъминланган бўлиб, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги қўшинларни бошқаришда юқори штаб ва бўйсунувчи бўлинмаларни сифатли, тезкор ва барқарор алоқа билан таъминлаш каби муҳим вазифани бажариб келмоқда.
Байрамона тадбир давомида ҳарбий қисмда узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётган ҳарбий хизматчилар муносиб рағбатлантирилди, куй-қўшиқлар, ҳарбий ансамбл хонандаларининг Ватанни мадҳ этувчи тароналари янгради.
“Байроғинг бошингда ҳилпирар, порлагай истиқло машъали…” дея хониш қилаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, подполковник Марат Ҳакимов йигитлик бурчини айнан мана шу ҳарбий қисмда ўтагани фахр билан тилга олинди.

– Бу даргоҳ менга мард ўғлонлар билан бир сафда, елкама-елка хизмат қилиш бахтини ҳадя этди. Шукрки, оиламиз тотув, файзли маконимиз бор, фарзандларим олий ўқув юртларида таҳсил олишади. Бундан ортиқ қувонч борми? Мен ҳарбий хизматчи, деган муқаддас номга содиқ қолишни ўзимнинг бурчим деб биламан, – дейди I даражали сержант Аъзам Исақулов.
Самимий ва юқори кайфиятда ўтган тадбир эътирофларга бой бўлгани билан кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди. Ишонамизки, ушбу ҳарбий қисм ҳали узоқ йиллар давомида миллий армиямиз учун мард ва довюрак ўғлонларни, ўз касбининг фидойиларини етиштириб чиқаришда давом этади.

Лейтенант Бобур ЭЛМУРОДОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти