Сурхондарёда спортнинг “Мотокросс” тури бўйича Республика чемпионати ўтказилди

7

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан Жанубий оператив қўмондонлиги билан ҳамкорликда Жарқўрғон туманида жойлашган “Қизилмозор” мотосўқмоғида спортнинг “Мотокросс” тури бўйича Республика чемпионати ва биринчилиги I босқичи ҳамда меҳнат қаҳрамони Норали Боймуродов хотирасига бағишланган мусобақа бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш марсимида ҳарбий оркестр, бахшичилик санъати намуналари ва туман маданият бўлими ходимлари томонидан миллий куй-қўшиқлар ижро этилди. Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси спортчиларининг спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлари ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан қўл жанги санъати намойиш қилинди.

Ушбу мусобақаларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан келган 9 ёшдан 18 ёшгача бўлган ёшлар ҳамда 18 ёшдан катталар таркибидаги 126 нафар спортчилар иштирок этди.

Мусобақанинг илк кунида 18 ёшгача бўлган 40 нафар спортчилар 65, 85, 125 см 3 ҳажмли мотоциклларда маҳоратларини намойиш этишди.

Беллашув доирасида замонавий янги ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳаларнинг кўргазмаси, шунингдек, “Мотокросс” мусобақаси томошабинлари, аҳоли ва ёшлар иштирокида вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан спортнинг “Стол тенниси” ва “Арқон тортиш” турлари бўйича мусобақалар ҳам ташкил этилди.

20000 нафардан ортиқ юртдошларимизни бир жойга жамлаган мазкур чемпионат якунига кўра, умумжамоа ҳисобида 9 ёшдан 18 ёшгача бўлган спортчилар орасида натижалар қуйидагича кўриниш олди:

1-ўрин – Бухоро вилояти;
2-ўрин – Андижон вилояти;
3-ўрин – Сурхондарё вилоят кенгаши терма жамоаларига берилди.

Умумжамоа ҳисобида 18 ёшдан катталар таркибида эса 1-ўринни Навоий вилояти, 2-ўринни Бухоро вилояти ва 3-ўринни Тошкент вилоят кенгашининг жамоалари эгалладилар.

Ғолиб бўлган жамоа ва спортчиларга диплом, Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Бундан ташқари фаол иштирок этган 5 нафар иштирокчилар “Энг ёш спортчи”, “Энг ёши катта спортчи”, “Энг яхши ҳакам”, “Энг яхши мураббий” ва “Спортчи қиз бола” номинациялари бўйича тақдирландилар.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони