Мелиқўзиев тантанали кутиб олинди

7

Ўтган ҳафта охирида АҚШнинг Калифорния штати, Индио шаҳридаги «Fantasy Springs Resort Casino» спорт аренасида бўлиб ўтган профессионал бокс оқшомида Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази вакили, WБО Интер-Континентал камари соҳиби лейтенант Бектемир Мелиқўзиев америкалик Морган Фитчга қарши ўзининг профессионал боксдаги еттинчи жангини ўтказди. 10 раундлик этиб белгиланган мазкур жанг охиригача етмади. Учинчи раундда Бектемир томонидан берилган кучли зарбалардан сўнг Морган ерга қулади ва ҳакам жангни тўхтатиб, техник нокаут қайд этди – боксчимиз профессионал боксдаги еттинчи ғалабасига шу тариқа эришди.
Куни кеча Ислом Каримов номли Тошкент халқаро аэропортида мамлакатимизга ёруғ юз ва ғалаба билан қайтган лейтенант Бектемир Мелиқўзиевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Ҳарбий оркестр, спорт жамоатчилиги, вазирлик масъул офицерлари, боксчининг яқинлари ва ёшлар иштирок этган тадбир байрамона кўриниш олди.
Вакилимиз профессионал боксдаги илк жангидаёқ «супер ўрта вазн тоифаси бўйича профессионаллар профессионали»ни мағлуб этгани боис бокс мухлислари орасида «Bully», яъни «безори» лақабини олган.
Мелиқўзиевга миллий урф-одатларимизга кўра зарбоф чопон кийгизилди.
Ундан келажакда янада мазмунли жанглар ва ёрқин ғалабалар кутиб қоламиз.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти