Ўз ҳудудини қўриқлаш, тартиббузарларни қўлга олиш ва зарарсизлантириш…

9

Бугун қўшинларимиз олдига қўйилаётган асосий талаблар жанговар тайёргарликни такомиллаштириш, жанг олиб боришнинг замонавий усулларини пухта ўзлаштириш экан, бунда тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, умуман, қилинган меҳнатгина самара беради. Мудофаа вазирлиги Тоифаланган обеъктларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги ҳамкор ташкилотлар билан Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида ўтказилган амалий ўқув машғулотлари ҳам ўзаро тажриба алмашишда ўзига хос ўрин тутди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув аввалгиларидан фарқ қилди. Тезкорлик билан белгиланган жойга етиб келган юрт ўғлонларига юқори қўмондонлик томонидан жанговар топшириқ юклатилди. Гуруҳ камондирлари вазифаларни йўқотишларсиз, тезкорлик билан бажариш борасида жанговар режаларни ишлаб чиқди. Чунки ҳар қандай топшириқни муваффақиятли якунлашда тўғри танланган тактика ўта муҳим ҳисобланади. Шу сабаб ҳам Ватан посбонлари машқлар давомида вазифаларни бекаму кўст адо этишда ҳар бир жиҳатни эътиборсиз қолдирмай, ҳушёрлик ва аниқлик тамойилига таяниб иш кўрди.
Ўқув машғулоти давомида ҳарбий хизматчилар ўз ҳудудини қўриқлаш, тартиббузарларни қўлга олиш ва зарарсизлантириш борасида ўзига хос тактикаларни амалга оширдилар.

Ҳарбий хизматчининг ҳар томонлама тайёргарликка эга бўлиши унга ғалаба қозониш имконини беради. Ҳамкорликда ўтказилган мазкур ўқувларда бўлинмалар жой шароитидан келиб чиқиб, тактик ҳаракатларни тўғри олиб бориш, ностандарт вазиятларда мустақил қарор қабул қилиш, жанговар вазиятда сафдошларига қулайликлар яратиш, бир-бирини ҳимоя қилиш каби вазифаларни бажарди. Ҳамкор куч тузилмалари билан биргаликда гаровга олинганларни озод этиш, шартли душман жойлашиб олган ҳудудни тозалаш, беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш, объект ишчи-ходимларини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш, объектда ёнғин содир бўлганда уни бартараф этиш борасида ҳам қатор вазифалар амалга оширилди.
Машқлар ўнга яқин ўқув жойларида ўтказилди. Реал вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда олиб борилган ушбу машғулотларда йигитларнинг ҳушёрлиги ва тезкорлиги чин маънода синовдан ўтди. Айтиш керакки, мазкур ўқувлар куч тузилмаларининг жанговар вазифаларни бажариш борасида ҳамкорликдаги ҳаракатларни янада мувофиқлаштиришда, кўникма, малака, тажрибаларини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Тоифаланган обеъктларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати