Огоҳликка даъват қилувчи тадбирлар

8

Огоҳлик – давр талаби. Транспорт воситалари билан юз бераётган мудҳиш ҳодисалар инсонларнинг ногирон бўлиб қолишига ва яна кимнингдир яқини орамиздан йўқ бўлишига сабаб бўлмоқда. Бундай воқеаларни гувоҳи бўлиб, ҳа, тақдирда, деймиз кўпинча. Бироқ бажараётган ишимизда ўзимизнинг ҳам хиссамиз талайгина. Балки бироз билимсизлик ёки эътиборсизликдадир.
2020 йилда Ўзбекистонда йўл транспорт ҳодисалари оқибатида 1962 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ раҳбар ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Лоқайдлик сабаб, қанчадан-қанча инсонлар бевақт оламдан ўтмоқда. Йўл транспорт воситалари орқали содир этилаётган кўнгилсиз ҳодисалар оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилиб келинади. Бунинг барчаси огоҳликка даъватдир. Жойларда эса мутасадди раҳбарлар томонидан бу бўйича тушунтириш ишлари тўхтагани йўқ.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий автомобил назорати инспекцияси бошлиғи бошчилигида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Қашқадарё вилояти ҳудудидаги ҳарбий қисмларда ҳам давра суҳбатлари ўтказилди. “Тажрибасиз ва билимсиз ҳайдовчи – хавф-хатар ва ҳалокат манбаи” мавзусида ҳуқуқий профилактик тадбирларнинг дастлабкиси Нуристон гарнизонидаги ҳарбий қисмда бўлиб ўтди. Унда ҳарбий қисм командири, Қарши гарнизони ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси, Нишон тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Қарши ҳарбий прокуратураси ходимлари ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Мазкур тадбир қўшинларда ҳарбий интизом ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унда сўз олганлар томонидан йўлларда ҳаракатланиш вақтида доимо ҳушёр бўлиш, йўл қоидаларига қатъий амал қилиш, айниқса ёш болаларга бу борада етарлича тушунчалар бериш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбир давомида иштирокчилар эътиборига автоҳалокатлар тўғрисидаги видеороликлар намойиш этилди.
Тарғибот тадбирларининг навбатдагиси Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртида ташкил этилди. Унда ҳарбий хизматчиларга йўлларда содир этилаётган автоҳалокатлар, унинг аянчли оқибатлари тўғрисида тушунчалар берилиб, огоҳликка чақирилди.
Билим юрти ҳарбийлари ҳам мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Бу каби ўтказилаётган тадбирлар юртдошларимизни ҳаётда хушёр бўлиши ва уларнинг хавфсизлиги учун хизмат қилиши шубҳасиздир.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ матбуот хизмати