Ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази

75

Бугун жаҳон сиёсий майдонида ахборот урушлари, тинчликка раҳна солувчи турли таҳдидлар сони кўпаяр экан, уларга қарши собит тура оладиган, маънан ва жисмонан етук Ватан ҳимоячиларини тарбиялаш, мамлакат мудофаа салоҳиятига эътибор бериш асосий жиҳатлардан бири ҳисобланади. Ўз фикрига, дунёқарашига эга ҳарбийлар нафақат армия нуфузи, юрт тинчлиги учун, балки келажак авлод тақдири учун ҳам ғоят муҳимдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида захирадаги ва резервдаги офицерларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларининг ҳарбий кафедралари тугатилди. Ўзбекистон Миллий университети ҳарбий кафедраси базасида ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази ташкил этилди.

1 февраль куни Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги ҳарбий тайёргарлик ўқув марказининг очилиши ҳамда ўқув йили бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Майдонда қўр тўкиб турган йигитларнинг ҳаяжонга тўла қалб садолари Ўзбекистон Републикаси Давлат мадҳияси билан ҳамоҳанг тарзда теваракка ёйилди. Тантанали маросимда марказ бошлиғи полковник Шавкат Ўринов, Ўзбекистон Миллий университети ректори ўринбосари Камолиддин Мирзааҳмедов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети босма оммавий ахборот воситалари ва ноширлик иши факультети декани Aкбар Нурматов сўзга чиқиб, талабаларни қутлуғ кун ва ўқув машғулотлари бошланиши билан қутлади, самимий тилакларини билдирди.

– Марказда 30 та ҳарбий мутахассислик бўйича резервдаги ва захирадаги офицерлар тайёрланади. Умумқўшин тайёргарлиги, артиллерия, тарбиявий ва мафкуравий ишлар, фронт орти ва молиявий таъминот каби ўнта циклда машғулотлар талаб даражасида ўтказилиши учун барча шароитлар яратилди. Зарур жиҳозлар, ўқув қўлланмалари, соҳага оид техник воситалар билан тўлиқ таъминланди. Педагогик жамоа бой тажрибага эга офицер ўқитувчилар билан бутланди. Марказимизда таҳсил олишни истаган талабалар 3-босқич таҳсилидан кейин танлов асосида саралаб олинади. Тегишли имтиҳон, синов ва кўриклардан муваффақиятли ўтган талабаларни ўқишга қабул қилишда уларнинг билим бўйича рейтинг даражаси ҳам инобатга олинади. Ҳарбий тайёргарлик машғулотлари учун ажратилган 528 соатнинг 78 соатида ўқув йиғинлари, яъни амалий машғулотлар ўтказилади, – дейди марказ бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Шуҳрат Aшуров.


Белгиланган низомга кўра талабаларнинг ҳарбий тайёргарликдан ўтиш давридаги билими тегишли тартибга мувофиқ баҳоланади. Ҳарбий тайёргарлик бўйича якуний давлат аттестациясини топширган ва бакалавриатнинг тўлиқ курсини муваффақиятли якунлаган талабаларга “лейтенант” ҳарбий унвони берилади.

Камола AДҲАМОВА,
ЎзЖОКУ ҳарбий журналистика йўналиши талабаси