Хаста дилларга шодлик, мунгли кўзларга қувонч улашаётган ҳарбийлар

25

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги ҳарбийлар хаста дилларга шодлик, мунгли кўзларга қувонч улашиш мақсадида Ромитон туманидаги 26-сонли имконияти чекланган болалар мактаб-интернатида бўлдилар. Болажонларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб харид қилинган совғалар ташриф давомида ўз эгаларига топширилди.

Ҳарбийлар мактаб тарбияланувчилари билан биргаликда китоблар мутолаа қилдилар, она юртимизни тасвирловчи суратлар чизилди. Шунингдек, кичкинтойлар учун байрамона дастурхон тузалиб, концерт дастури ҳам намойиш этилди.
Қўмондонликнинг Зарафшон шаҳрида жойлашган тарғиботчилари ҳам шаҳардаги Меҳрибонлик уйи болажонлари учун хайрия тадбири ўтказдилар. Тадбир давомида мусиқа, рақс, ижодий ишлар танловларида, шунингдек спорт мусобақаларида мунтазам равишда иштирок этиб келаётган болажонлар Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ҳарбий хизматчилар томонидан ташкил этилган концерт дастури ва қўл жанги кўргазмали чиқишлари болажонларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати