“Миллатлар дўстлиги”да ватанпарвар юртдошларимиз жам бўлди

25

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Гулистон МФЙ ҳудудида жойлашган “Миллатлар дўстлиги” маданият саройида ватанпарварлик ойлиги доирасида кўргазмали концерт дастури ташкил қилинди. Унда Мудофаа, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Тошкент ҳарбий округи, турли муассаса ва ташкилотларнинг мутасадди вакиллари, фахрийлар, аҳоли ва ёшлар иштирок этди.
Ҳарбий оркестр мусиқий садолари остида бир-биридан қизиқарли саҳна чиқишлари бошланди. Дастлабки кўргазмали чиқишни Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари бошлаб берди. Тошкент ҳарбий округи десантчилари ва Миллий гвардия ўғлонларининг қўл жанги намойишлари, Мудофаа вазирлиги махсус бўлинмасининг техник кўргазмалари барчанинг кўнглига жўшқинлик олиб кирди.

Жанговар техникалар кўргазмаси ўнлаб ёшларнинг ҳайратини оширган бўлса, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг мураккаб вазиятлардаги қутқарув усуллари, кинолог ва хизмат итларининг ўзига хос топқирликлари олқишларга сазовор бўлди.
Байрамона тадбирнинг маданий қисми “Миллатлар дўстлиги” маданият саройида давом этди. Турли миллат вакилларининг ҳамкорликдаги куй-қўшиқлари, рақслари, таниқли хонандаларимизнинг мусиқий чиқишлари барчага манзур бўлди.

Лейтенант Бобур ЭЛМУРОДОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти